“Хавфсиз ва соғлом юрт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги бошланди
Жорий йилнинг 1 июлидан 31 июлига қадар мамлакатимиз ҳудудида “Хавфсиз ва соғлом юрт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги ўтказилмоқда.
Мазкур тадбир жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат туйғусини янада кучайтиришга қаратилган.
Ойлик муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида тезкор йиғилиш ўтказилди.
Тадбир доирасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни камайтириш, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, оилавий зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл - транспорт ҳодисаларига олиб келувчи омилларни бартараф этиш, ноқонуний миграция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши чораларни кучайтириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Тадбирга тайёргарлик юзасидан ахборот берганлар ойлик давомида профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари, ёшлар етакчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда маҳаллаларда манзилли ишлар олиб борилишини қайд этди.
Айниқса, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли ишлар олиб бориш, вояга етмаганлар назоратсизлигининг олдини олиш, фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этиш, шунингдек, ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилишини баён қилди.
Шу билан бирга, алоҳида эътибор ахборот технологиялари соҳасида содир этилган жиноятларнинг олдини олишга қаратилади. Бу борада тарғибот тадбирлари нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки барча давлат ташкилотлари, фуқаролар йиғинлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигида амалга оширилади.

Тадбирлар давомида ҳар бир маҳалла, таълим муассасаси, ишлаб чиқариш корхонаси ва аҳоли гавжум жойларда профилактик ишлар кучайтирилиб, фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солувчи омилларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилади. Тадбир натижаларини оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик орқали кенг аҳолига етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланди.
Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарлар ва барча масъулларга “Хавфсиз ва соғлом юрт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлигини юқори савияда ташкил этиш, белгиланган чора-тадбирларнинг ҳар бирини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ижро интизоми устидан доимий назорат ўрнатиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаларининг раҳбарлари, барча ҳудудий ички ишлар органлари, соҳавий хизматлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг масъуллари иштирок этган тадбирда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш ҳамда аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш вазифалари белгиланди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА