“Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури – амалда
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан Навоий шаҳридаги 12-давлат мактабгача таълим ташкилотида туман ва шаҳар мактабгача таълим бўлимларининг масъул ходимлари иштирокида “2022−2026 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб масалалар”га бағишланган семинар ташкил этилди.
Маълумки, уммуммиллий дастурда ҳар бир ҳудуд кесимида “Йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш”, “Автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш”, “Жамоат транспортини ривожлантириш ва рақамлаштириш”, “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларни амалий ўргатишни йўлга қўйиш”, “Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда автотранспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш” каби йўналишларда вазифалар белгиланган.


Жумладан, маҳаллалар, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида ички ишлар органлари билан ҳамкорликда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончаларини ташкил этиш, “Диққат, йўловчи!”, “Диққат, болалар!” номли профилактик тадбирлар ўтказиш кўрсатиб ўтилган.


Семинарда вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ масъуллари, вилоят мактабгача таълим бошқармаси услубчилари томонидан “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури мақсад ва вазифалари”, “Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончаларидан фойдаланиш усуллари” мавзуларида маҳорат дарслари ўтилди.

Тадбирда мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари иштирокида “Хавфсиз ва равон йўл” мавзусида очиқ машғулот ўтказилди. Машғулот давомида йўл белгилари, пиёдаларнинг мажбуриятилари ҳақида болажонларга маълумотлар берилди. Бундан ташқари, турли ўйинлар орқали уларнинг билимлари синовдан ўтказилди.
Абдували Бўриев, ЎзА