“Хавфсиз ва равон йўл” дастури амалда
Фарғона вилоятида 2022–2026 йиллар давомида республика ҳудудида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури асосида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, ижроси таъминланмоқда. Жорий йилнинг 11 ойи давомида 1 минг 349 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Қўқон, Марғилон ва Қувасой шаҳарлари ҳамда Бағдод, Бувайда ва Учкўприк туманларида бу ҳодисалар ўтган йилга нисбатан ошган.
Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари жорий йилнинг ўтган даврида 346 та содир этилди. Шунингдек, вилоят бўйича пиёдалар иштирокида 573 та йўл -транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, бу янада тарғибот ишларини кучайтиришни тақозо этмоқда.
Вилоят ҳудудида “Диққат, йўловчи”, “Диққат, болалар”, “Диққат, пиёда!” профилактик ва махсус рейд тадбирлари давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Серқатнов йўл бўйида жойлашган таълим муассасалари, пиёдалар кўп ҳаракатланувчи шаҳар-туман марказларидаги, бозор ва савдо мажмуалари яқинидаги пиёдалар ўтиш жойларига йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва патруль-пост хизмати, профилактика инспекторлари бириктирилди.

– Тақсимот асосида бириктирилган ходимлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда аҳолига пиёдаларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини тушунтириб бормоқда, – дейди Фарғона вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот гуруҳи катта мутахассиси, капитан Элбек Қобилов. – “Диққат, пиёда” тадбири давомида йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари билан автотураргоҳларда ҳаракат вақтида пиёдаларга нисбатан ҳушёрликни ошириш юзасидан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар давомида йўл ҳаракати қоидаларини, пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг аянчли оқибатларини ўзида акс эттирган 550 та буклет ва флаерлар тарқатилди. Шунингдек, барча шаҳар-туман марказлари, бозорлар, йирик савдо мажмуалари атрофлари, таълим муассасаларига тадбир мазмунини акс эттирувчи, пиёдаларга йўл ҳаракати қоидаларини эслатувчи баннер ва паннолар ўрнатилди.
Тадбир давомида пиёдалар томонидан 4 минг 122 та қоидабузарлик аниқланиб, уни содир этган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талаблари бўйича баённома расмийлаштирилди.
М.Сулаймонов, ЎзА