Хавфсиз туризм йўлидаги янги қадам
Бугунги кунда мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бирига айлантириш, юртимизнинг бой тарихий-маданий меросини бутун дунёга кенг тарғиб этиш ва энг муҳими, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда туризм соҳасини ривожлантириш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш, шаҳар инфратузилмасини замонавий талаблар асосида такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Ана шу эзгу мақсадлар доирасида Бухоро шаҳрида ҳам хавфсиз туризм тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги “Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Бухоро шаҳрининг тарихий қисми ҳудудига киришни назорат қилиш тизимлари мажмуаси”ни жорий этиш ишлари бошланди.
Лойиҳани амалга ошириш жараёнида ўтказилган ўрганишлар натижасида тарихий шаҳар ҳудудида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар хавфсизлигини мустаҳкамлаш, оммавий тадбирлар давомида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш ҳамда зарурат туғилганда транспорт воситалари ҳаракатини вақтинча тартибга солиш мақсадида эски шаҳар қисмида 20 та муҳим нуқта белгилаб олинди.
Ушбу нуқталарга замонавий “таранга қарши мослама”ларни ўрнатиш юзасидан Бухоро вилояти ҳокимлиги, вилояти Ички ишлар бошқармаси, соҳада кўп йиллик тажрибага эга лойиҳа институти ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида техник таклифлар ишлаб чиқилди.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов мазкур лойиҳанинг “Intelligence System” МЖЧ томонидан ишлаб чиқилган тақдимоти билан танишди. Тақдимотда лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш орқали тарихий марказдаги инфратузилманинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, қурилиш ишлари вақтида тирбандликларни камайтириш ва молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Белгиланган режага мувофиқ, лойиҳанинг биринчи босқичида тарихий ҳудуднинг энг серқатнов беш нуқтасида хавфсизлик тизимлари ўрнатилади. Жумладан, “Хўжа Нуробод” (6-мактаб), “Самарқанд” (1-сон оилавий поликлиника), “Афросиёб” (Арк қалъаси), Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси (шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати биноси олди) ҳамда “Сомонийлар истироҳат боғи”га кириш йўлагида замонавий ҳимоя мосламаларини ўрнатиш режалаштирилган.
Бу каби интеллектуал хавфсизлик тизимлари нафақат эҳтимолий таҳдидларнинг олдини олиш, балки сайёҳларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда тезкор чора кўриш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, Бухоронинг бетакрор тарихий қиёфаси ва маданий мероси сақланган ҳолда унинг замонавий “ақлли шаҳар” тамойиллари асосида ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.

Тақдимот якунида вилоят раҳбари масъулларга мосламалар ўрнатиладиган ҳудудларнинг топографик чизмаларини тайёрлаш, лойиҳанинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида махсус ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги илғор тажрибани ўрганиб, уни Бухоро шароитига мослаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.
Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда туризмни янги босқичга олиб чиқиш, тарихий шаҳарларнинг жаҳон андозаларига мос инфратузилмасини шакллантириш ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Бухорода жорий этилаётган ушбу замонавий хавфсизлик тизими нафақат юртимизга ташриф буюрувчи миллионлаб сайёҳларнинг хотиржамлигига хизмат қилади, балки муқаддас ва қадимий Бухоронинг халқаро туризм харитасидаги нуфузини янада юксалтириш, уни дунёнинг энг хавфсиз ва энг жозибадор тарихий шаҳарларидан бирига айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб қолади.
Зариф Комилов, ЎзА