“Ҳавас қилдик, мақсадимиз ҳам аниқ”
Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактабида “Касблар фестивали” ва “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Тадбирда касб-ҳунар мактаби ўқувчилари ва тумандаги умумтаълим мактабларининг 650 нафар битирувчи синф ўқувчилари иштирок этди.
Туман бандликка кўмаклашиш маркази ва иш берувчи ташкилотлар, жумладан, “Бешариқ Комфорт”, “Sheр Wооd” хусусий корхоналари, Ҳунармандлар маркази, “Бешариқ текстил” корхоналари томонидан профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларга мутахассислигига кўра доимий иш ўринлари таклиф этилди.

Тадбирда “Робототехника” тўгараги раҳбари Г.Нуриддинова ўз ўқувчилари билан биргаликда ясаган турли электрон буюмларини намойиш этди. Касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Машрабжон Йўлбарсов эса ўзи ясаган турли ёғоч буюмлари билан кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди. “Бешариқ комфорт” хусусий корхонасида амалиёт ўтаётган ўқувчилар Мўминжон Ҳакимов ва Давронжон Рўзиевлар ўзларининг илк буюмлари билан тенгдошлари ҳайратига сабаб бўлди. Шунингдек, электромонтёр, чилангарлик, тикувчилик, банк иши йўналишлари бўйича таҳсил олаётган ўқувчилар ҳам ўз амалий ишлари билан қатнашди.

– Инсон учун бирор ҳунарни ўрганиш катта ютуқ деб биламан. Ака-опаларимиз эгаллаётган касб-ҳунарлар, уларнинг мустақил ҳаётга тайёрлиги, доимий даромадга эгалиги ҳаммамизнинг ҳавасимизни келтирди, – дейди тумандаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Хушноза Нурмуҳаммедова. – Мен ҳам дугоналарим билан текстиль йўналишида ўқимоқчиман. Чунки туманимизда тўқимачилик корхонаси бор, унда кўплаб ёшлар меҳнат қилади. Шу корхонада меҳнат қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Таъкидлаш керак, ҳозирги кунда касб-ҳунар мактаби ўқувчиларининг ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётларини ўташлари учун 169 та корхона ва ташкилотлар билан шартномалар тузилди. 2-босқич ўқувчиларининг 150 нафари иш берувчи ташкилотлар билан меҳнат шартномаларини тузиб, ўз иш ўринларига эга бўлди, 68 нафари эса олий таълим муассасаларига тайёргарлик кўрмоқда.

Касб-ҳунар мактаби ўқувчилари қатор ютуқларга эришмоқда. Жумладан, 10 нафар ўқувчи спортнинг турли йўналишлари бўйича вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олди. 2-босқич ўқувчиларининг 4 нафари эса халқаро миқёсдаги IЕLTS сертификатини қўлга киритган.
Касблар фестивалида туман ҳокими Расулжон Жўраев, вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов ёшлар учун яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритди. Уларни келажакда ривожланган дунё ёшлари билан бўйлаша оладиган етук мутахассислар бўлиб етишишга чорлади.
Фестивалда турли спорт тўгараклари вакилларининг чиқишлари намойиш этилди, ўқувчилар томонидан ижро этилган мусиқа ва рақслар эса тадбирга ҳақиқий байрамона кайфият бахш этди.
М. Сулаймонов,
ЎзА