Ҳатто, ўлиш ҳам тақиқланган шаҳар (+видео)
Дунё харитасида шундай шаҳарлар борки, у ерлардаги ҳаёт оддий инсон учун деярли имконсиздек туюлади. Айрим ҳудудларда одамлар музлаб қоладиган совуқда яшаса, бошқалари жазирама иссиқ сабаб ер остида умр кечиради. Яна шундай масканлар ҳам борки, у ерда нафас олишнинг ўзи қийин, ҳатто ўлим ҳам расман тақиқланган. Шунга қарамай, минглаб инсонлар ана шу ғайриоддий жойларда яшашда давом этмоқда. Бугун сиз билан ер юзидаги энг ғалати ва ҳайратланарли 7 шаҳарга саёҳат қиламиз.
Саёҳатни Перунинг Ла-Ринконада шаҳридан бошлаймиз. Аҳоли доимий яшайдиган дунёдаги энг баланд нуқта ҳисобланган бу кент Анд тоғи тепасида, денгиз сатҳидан тахминан 5100 метр баландда қад кўтарган. Ҳаво жуда сийрак бўлгани учун бу жойда нафас олиш қийин. Ҳаёт шароити жуда оғир мазкур шаҳарга кўпчилик олтин қазиб олиб, бойиб кетиш умиди билан келади. Ушбу манзилда на тоза ичимлик суви на оқова бор. Тиллани қайта ишлашда ишлатиладиган симоб эса табиатни мунтазам заҳарлаб туради. Қисқаси, Ла-Ринконадада яшаш ҳар куни тирик қолиш учун кураш, демак. Келинг, сизлар билан бирга Австралияга, аниқроғи Кубер-Педи шаҳрига йўл оламиз. Қитъа-давлатнинг бу ғаройиб шаҳри аҳолиси ер остида яшайди. Сабаби – ташқи ҳарорат баъзан 50 даражагача кўтарилади. Табиийки, бундай шароитда ер устида яшаш, деярли, имконсиз. Шунинг учун одамлар уй, меҳмонхона, дўкон ва ҳатто ибодатхонани ҳам замин қаърига қурган. Қизиғи, Кубер-Педи дунёдаги энг йирик опал тош қазиб олинадиган жой ҳам ҳисобланади. Ташқаридан қарасангиз саҳро, ер остида эса бутун бошли шаҳар ҳаёт кечиради.
Кейинги манзил – Миср, Маншиёт-Носир. Қоҳира яқинида жойлашган, дунё бўйлаб “Ахлат шаҳри” номи билан машҳур бу кентда кўчалар, уйлар ва ҳатто бино томлари ҳам ташландиқ билан қопланган. Аҳоли – заббалинлар бутун Қоҳирадан келадиган чиқиндини саралаб, қайта ишлаш орқали тирикчилик қилади. Нечоғли ғалати кўринмасин, айнан шундай шароитда ўта самарали қайта ишлаш тизими вужудга келган.
Энди Япониянинг Хашима шаҳридамиз. Бир вақтлар жаҳон бўйича аҳоли энг зич яшаган айни ҳудудда кўмир конлари жуда фаол ишлаган. Мазкур табиий ёнилғи захираси тугагач, тез орада одамлар шаҳарни ташлаб кетишган. Бугун Хашима бўм-бўш, вайрон бинолар ва сукунат билан тўлган “арвоҳлар шаҳри”га айланган.
Навбатдаги манзил – Норвегиядаги Лонгйирбиен шаҳри. Бу ўлкада ҳаёт билан боғлиқ жуда ғалати қонун бор – Лонгйирбиенда вафот этиш расман тақиқланган. Сабаби, жуда кучли совуқ туфайли бу заминда жасад чиримайди ва хавфли зараркунандалар тарқалиши хавфини оширади. Шу боис маҳаллий оғир беморлар дарҳол бошқа ҳудудга олиб кетилади. Дарвоқе, мазкур шаҳар кўчаларида оқ айиқни учратиш оддий ҳол.
Испаниянинг Сетенил-де-лас-Бодегас шаҳрини илк бор кўрган одам кўзларига ишониши қийин. Ахир, бу жойда уйлар оддий услубда қурилмаган, балки улкан табиий қоялар остида ёки ичида қад кўтарган. Аҳоли асрлар давомида қоя тошларни бузмай, аксинча табиий шаклдан уй девори ва томи сифатида фойдаланиб келган. Шаҳар кўчаларида сайр қилар экансиз, бошингиз узра бир неча минг тонна келадиган улкан тош осилиб турганини кўрасиз. Бир қарашда бу жуда хавфли ва қўрқинчлидек. Аслида эса бу қоялар жуда мустаҳкам бўлиб, асрлар давомида ўрнини сақлаб қолмоқда. Яна бир ажойиб жиҳат – бу тошлар уй ичи табиий ҳароратини сақлаб туради: ёзда салқин, қишда илиқ.
Ва ниҳоят рўйхатнинг энг сирли шаҳри – Ҳиндистондаги Варанаси. Бу кент ҳиндлар учун энг муқаддас жойлардан бири саналади. Шунинг учун ҳинд диёрининг турли ҳудудлари ва ҳатто бошқа мамлакатлардан ҳам жуда кўп инсон кўчиб келиб, ҳаётининг сўнгги кунларини айни манзилда ўтказишга ҳаракат қилади. Улар шу ерда ўлимини кутиб яшайди, чунки эътиқодга кўра, Варанасида вафот этган инсон қайта туғилиш азобидан халос бўларкан. Мазкур шаҳарнинг муқаддас сигирлар бемалол юрадиган кўчалари жуда тор ва чалкаш: одамлар уй ва ибодатхоналар орасида доимий ҳаракатда. Ганг дарёси бўйида эса марҳумлар жасадини куйдириш маросими туну-кун тўхтамайди.
Кўриб турганингиздек, инсон ҳар қандай шароитга мослаша олади. Баланд тоғ, ер ости, саҳро, музли ҳудуд ёки қазога яқин жой бўлсин, одамзод ҳаёт кечириш йўлини топади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dVHQdewMzHg" title="Hatto, o‘lish ham taqiqlangan shahar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева, Улуғбек Тўхтаев (видеомуҳандис), ЎзА