Харрис ва Трамп илк дебатни ўтказди
АҚШ президентлигига номзодлар Камала Харрис ва Дональд Трампнинг ноябрь ойига белгиланган сайлов олдидан биринчи теледебати “ABC News” телеканали жонли эфирида ўтказилди.
Сайловга икки ойдан камроқ вақт қолганда бўлиб ўтган баҳснинг биринчи қисми, хусусан бошловчи томонидан берилган илк савол иқтисодиётга оид бўлди:
– Америкаликлар тўрт йил аввалгига қараганда яхшироқ аҳволда эканига ишонасизми?
Бу саволга жавобан Харрис “имкониятлар иқтисодиёти”ни шакллантириш режаси борлигини айтди. Шунингдек, уй-жой муаммосини ҳал қилиш, ёш оилалар ва кичик бизнесга ёрдам бериш ваъдаси янгради.
Трамп фикрича, демократлар тўрт йил ичида иқтисодиётни вайрон қилган, Харрис эса Жо Байденнинг иқтисодий дастурини, шунчаки, кўчириб олган.
– Дональд Трамп бизга Буюк Депрессиядан кейинги энг ёмон ишсизлик ҳолатини қолдирди, – деди амалдаги вице-президент. – Демократлар фақат у юзага келтирган тартибсизликни тозалаш билан шуғулланди.
Номзодлар бир неча бор бир-бирини ёлғончиликда айблади. Мунозара бошида Харрис томошабинлар Трампдан “кўп ёлғон, шикоят ва исм-шарифлар” эшитишини айтди.
Дебат нима сабабдан президентлик сайлови учун муҳим? Сўровларда ким етакчилик қиляпти? Албатта, бугун бу саволлар кўпчиликни қизиқтирмоқда.
АҚШнинг собиқ раҳбари рақибини бир вақтлар Стенфорд университетида ишлаган иқтисодчи отаси фаолияти билан боғлашга уриниб, “марксист” дея таърифлади.
– Агар у сайланса, ҳаммаси ўзгаради ва бу давр мамлакатимизнинг охири бўлади, – деди Трамп. – Унинг марксчилигини ҳамма билади. Отаси марксшунос иқтисодиёт профессори сифатида қизига яхши таълим берган.
Харрис эса харифига мурожаат қилиб, унинг сўзларини шарҳлар экан, “уят” сўзини бир неча бор ишлатди.
– Дунё етакчилари Дональд Трамп устидан кулмоқда, – деди Харрис ва собиқ президентга юзланиб, сўзида давом этди. – Мен ҳарбий раҳбарлар билан гаплашдим. Улар орасидан сиз билан бирга ишлаган айримлари шахсингизга нисбатан ўта салбий фикрлар билдиришди.
Табиийки, теледастурда Украина масаласи ҳам кўтарилди.
Трамп уруш тугаши кераклигини айтди ва бунга эриша олишини таъкидлади. Агар сайловда ғалаба қозонса, бу ишни лавозимга киришишдан олдиноқ бошлаш ниятида эканини яна бир бор таъкидлади.
Камала Харрис эса айни мавзуга қуйидагича изоҳ берди:
– НАТОдаги иттифоқчилар Дональднинг мағлубиятидан жуда миннатдор бўлишади. Агар Трамп Президент бўлганда, Путин ҳозир Киевда ўтириб, Польша ва Европанинг қолган қисмига назар ташлаётган бўларди.
Трамп Харрисни “тарихдаги энг муваффақиятсиз вице-президент” деб атади ва у амалдорлиги даврида урушнинг олдини ололмаганини рўкач қилди.
Исроил – Фаластин уруши борасида Харрис олдинги баъзи баёнотларини такрорлаб, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги, фақат бу ишни қай йўсинда амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
– Бу можаро тугаши керак, ҳарбий ҳаракатни зудлик билан тўхтатиш зарур, – деди у. Трамп эса агар президент бўлганида, уруш ҳеч қачон бошланмаслигини айтди.
– У Исроилдан нафратланади – деди Трамп. – Агар сайланса, икки йилдан кейин бу давлат йўқ бўлиб кетишига ишонаман.
Ш.Маматуропова,
ЎзА