Харрис сайловга тайёргарликни бошлади
Камала Деви Харрис – америкалик давлат ва сиёсат арбоби, ҳуқуқшунос, Демократик партия аъзоси, 2021 йил 20 январдан АҚШнинг 49-вице-президенти. Мамлакат тарихидаги биринчи аёл, қора танли ва осиё-америкалик вице-президент.
Камала муҳожирлар қизи. Онаси – Шьямала Гопалан ҳиндистонлик, биология-тиббиёт тадқиқоти билан шуғулланган. Отаси – Дональд Харрис, иқтисодиёт профессори, асли Ямайкадан. Улар қизалоқ беш ёшида ажрашган.
Камала Харрис сайловда иштирок этишдан бош тортиб, уни Демократик партиядан номзод қилиб кўрсатишни таклиф қилган Жо Байденнинг қўллаб-қувватловини миннатдорлик билан қабул қилишини билдирди.

Хабар қилинишича, у аллақачон номзодлик учун курашни бошлаган ва партиядошлари томонидан қўллаб-қувватланган.
– Президент томонидан қўллаб-қувватланганимдан фахрланаман ва номзодликка интилмоқчиман, – деди Харрис. – Мен Демократик партияни ва халқимизни бирлаштириш, Дональд Трампни мағлуб этиш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Сайлов кунига 107 кун қолди. Биз биргаликда курашамиз ва ғалаба қозонамиз.
Вице-президент фикрича, Байденнинг сайловдан воз кечиш қарори ватанпарварлик намунаси:
– Президент Байден бутун умри давомида ўз ишини қилиб келмоқда. У Америка халқи ва мамлакатимиз манфаатини доим биринчи ўринга қўяди.
Трамп билан дебатдаги чиқишдан кейин пойгада қолиш-қолмаслик билан боғлиқ муҳокама давом этаркан, Харрис Президентга содиқ қолди. Мунозара натижасида жанжал чиққандан бир кун ўтиб, у сайлов олди ташвиқоти йиғилишларидан бирида шундай деди: “Биз Президентимиз Жо Байденга ишонамиз”.
Демократларда ҳали расман номзод йўқ: Байден Харрисни қўллаб-қувватлашини билдирганига қарамай, бошқа рақиблар бўлмайди, дейиш мумкин эмас. Овоз бериш 19 август куни Чикагода очиладиган Демократик партия миллий қурултойида кечади. Манбалар маълум қилишича, Харрис таниқли демократлар, жумладан қонунчилар ва губернаторлар қўллаб-қувватловини таъминлаш учун якшанба куни кечқурун телефон қўнғироқларини бошлаган.

Харрис жамоаси бор имкониятдан фойдаланишга қарор қилган. Унинг иттифоқчилари фикрича, 1 август кунига белгиланган номзодлик бўйича биринчи овоз бериш олдидан имкон қадар кўпроқ ёрдам олиш зарур.
– Бунинг учун жамоа ҳозир конгресс делегатларини қўллаб-қувватлашга чақириш бўйича ўта кескин иш юритяпти, – деб ёзди CNN телекомпанияси. Шунингдек, Харрис номидан хайрия сўраш учун электрон почта хабарлари юборила бошланди.
– Мен Америка Қўшма Штатлари Президентлигига номзодимни қўймоқчиман, – дейилган шундай хатларнинг бирида. – Президент маъқулловини олиш мен учун шараф. Номзодликни қўлга киритиш ва ғалаба қозониш ниятидаман.
Америка сиёсий ҳаракатлар қўмитаси ва пул йиғиш платформаси, демократик нотижорат ташкилотлари ва сиёсатчиларга хизмат кўрсатиш мақсадида тузилган “ActBlue” маблағ йиғиш платформаси Харрис кампаниясига хайрия сезиларли даражада кўпайгани, Байден қарорини эълон қилгандан кейин дастлабки беш соат ичида 27,5 миллион доллардан кўп маблағ тўплагани, бир неча соатдан кейин пул 46,7 миллион долларга кўтарилганини маълум қилди.
Кутилмаган конгресс
Харрис ягона эҳтимолий номзод эмас. Масалан, унга Мичиган губернатори Гретчен Уитмер, Калифорния губернатори Гевин Ньюсом ва транспорт вазири Пит Буттижиж рақиб бўлиши мумкин эди. Ҳозирча фақат Ньюсом Харрисни қўллаб-қувватлашини айтди.
– Кучли, қўрқмас, қатъиятли, – деди Ньюсом Харрис ҳақида ўз баёнотида. – Демократиямиз ва келажагимиз хавф остида турган бир пайтда Дональд Трампнинг қоронғи режасига қарши туриш ва мамлакатимизни соғлом йўлга йўналтириш учун вице-президент Камала Харрисдан яхшироқ номзод йўқ.
Клинтонлар Камала тарафдори, Обама жим...
АҚШ собиқ Президенти, Давлат котиби Билл Клинтон ва унинг турмуш ўртоғи Хиллари аллақачон Харрис номзодини ёқлаб чиқишган. Жуфтлик ижтимоий тармоқда Трампнинг ғалабасидан огоҳлантириб эълон қилган баёнотда шундай дейилган:
– Энди Камала Харрис билан бирга бўлиш ва унинг сайланиши учун курашиш вақти келди. Тўғри, кўтарилиш ва пасайиш бўлди, бироқ бу бизни мамлакат келажаги борасида Трампнинг иккинчи муддатга президентлик қилиш хавфидан кўра кўп ташвишлантирмайди.
Шуниси эътиборга лойиқки, Байден билан бирга ишлаган собиқ президент Барак Обама кампаниядан воз кечиш қарори учун миннатдорлик билдириб, уни “юқори даражадаги ватанпарвар” деган. Харрисни эса бевосита қўллаб-қувватламаган.
Трамп аллақачон Харрисга қарши чиқди: CNN телеканали саволига жавоб бераркан, вице-президентни енгиш осонроқ бўлишини айтди. Республикачилар миллий қўмитаси расмий каналида АҚШ расмийларининг ноқонуний миграцияга қарши кураш борасидаги сиёсати танқид қилинган икки дақиқали видео лавҳа пайдо бўлди. Республикачилар Байден Харрисга 2021 йил бу соҳада ислоҳот ўтказишни ишониб топширганини эътибордан четда қолдирмади. Трамп ва тарафдорлари Байденнинг тўрт йиллик бошқаруви давомида айни йўналишда ҳеч қандай яхшиланиш кузатилмаганини айтмоқда.
Харрис – таваккалчи, аммо аксар демократлар буни қабул қилишга тайёр
Президентликка даъво қилган биринчи қора танли аёлга эътиборсизлик партия учун даҳшатли бўлар эди. Бундан ташқари, у кампания давомида тўпланган тахминан 100 миллион долларга дарҳол эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Афсуски, хавф ҳам мавжуд. Сўровга кўра, Харриснинг рейтинги Байденникидан паст. Тўқнаш келинганда Трампни мағлуб этиш имконияти бир хил. Иккинчидан, Харрис вице-президент сифатида қийин даврни ўтказди. Бошқарув бошида унга АҚШ – Мексика чегарасидаги миграция инқирозини бартараф этиш вазифаси юклатилган. Бу осон иш эмас, бир неча хато ва нотўғри гаплар танқидга сабаб бўлди. Харрисни танлаш демократлар учун хавф туғдиради, аммо ҳозирча хавфсиз вариант йўқ. Хуллас, Дональд Трампнинг ғалабаси эҳтимоли жуда юқори.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА