Ҳарбийлар ногиронлар ҳолидан хабар олди
Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ҳудуддаги маҳалла, умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, аёзли кунларда ҳудуддаги ногиронлар, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилаётган саховат тадбирлари доирасида ҳарбий қисм аскар ва зобитлари маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда бир гуруҳ ногиронлар ҳолидан хабар олиб, уларга совға-саломлар улашди.
– Оғир кунларда эҳтиёжманд инсонларга саховат кўрсатиш халқимизга хос анъана, – дейди ҳарбий қисм бўлинма командирининг тарбиявий-мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, лейтенант Бобуржон Олтибоев. – Ана шундан келиб чиқиб, аёзли кунларда кўнгли ўксик инсонларга оз бўлса-да ёрдам беришга, уларнинг кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қилдик.

Ҳарбийлар томонидан Булоқбоши туманидаги Навоий маҳалласи Жасорат кўчасида яшовчи, 1- гуруҳ ногирони Бекзод Абдуваҳобов, Ғунча кўчасида яшовчи, 2- гуруҳ ногирони Моҳларой Ғаниева ҳамда Равнақ кўчасида яшовчи, 1-гуруҳ ногирони Ойдиной Жабборовга совғалар топширилди.
Ҳарбий қисм раҳбарияти томонидан эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган юқоридаги каби хайрли ишлар давом эттирилмоқда.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА