Ҳарбий юриш ва техникалар намойиши
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Бухорода Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Армия ва халқ – бир тану бир жон!» шиори остида ҳарбий юриш ва техникалар паради ўтказилди.
Байрамона саф билан юриш шаҳарнинг А.Сомий ва Пиридастгир кўчалари кесишмасидан бошланди. Йўналиш давомида Мустақиллик, И.Мўминов, Ҳамза, Б.Нақшбанд, И.Каримов, Ибн Сино, Абу Ҳавзи Кабир кўчалари бўйлаб қарийб 10 километр масофа босиб ўтилди. Шунингдек, «Ситора» боғи олдидан «Арк» қўрғони олдигача ҳарбийларнинг саф намойиши ўтказилди.
[gallery-5445]
Намойишда вилоятдаги ҳарбий қисм аскарлари, пиёда ва отлиқлар, зирҳли транспортлар, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти спорт-техника клубларининг авто ҳамда мотоҳаваскорлари қатнашди.
Тадбир доирасида «Армия ва халқ – бир тану бир жон!» шиори остида ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирокидаги ҳарбий ватанпарварлик фестивали ҳам ўтказилди. Байрам тадбирида ёшларнинг фаол иштирок этгани уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолатдир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА