Ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва ижтимоий кафолатлари янада кучайтирилмоқда
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, давлат сирларини муҳофаза қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва ижтимоий кафолатларини кучайтиришга қаратилган қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
“Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”ги қонун билан тинчлик даврида сафарбарлик тайёргарлигини ташкил этиш, алоҳида даврда давлат ва аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш, умумий ёки қисман сафарбарликни амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни ягона ҳуқуқий асосда тартибга солиш назарда тутилмоқда.
Сафарбарлик жараёнида давлат органлари, иқтисодиёт тармоқлари, ташкилотлар ва фуқароларнинг вазифа ҳамда мажбуриятларини аниқ белгилаш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ҳарбий хизматчиларнинг мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Қонун ҳарбий хизматчиларнинг турли тоифалари, ҳарбий йиғинларга жалб этилган фуқаролар, ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган фуқаролар, шунингдек, қонунда белгиланган ҳолларда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Энг муҳими, ҳужжат билан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун белгиланган ҳуқуқлар, ижтимоий кафолатлар ва имтиёзларни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 1-моддасига давлат сирларини сақлаш фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунда ҳуқуқий бўшлиқ ва ноаниқликларни бартараф этиш ҳамда давлат сирларини муҳофаза қилишга оид талабларни кучайтириш назарда тутилмоқда.
Муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА