Ҳарбий - ватанпарварлик мусобақалари ўтказилмоқда (+видео)
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимиз бўйлаб ёшлар ўртасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида оммавий байрам тадбирлари, турли спорт мусобақалари, танлов ва беллашувлар ўтказилмоқда.
Уларнинг асосий мақсади — ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлаш, жамоавийлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этиш, шунингдек, ёшларнинг билим ва жисмоний тайёргарлигини намоён этишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университетида курсантларнинг замонавий технологиялар соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини ривожлантириш, учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш маҳоратини ошириш ҳамда жамоавий ишлаш қобилиятларини мустаҳкамлаш мақсадида “Dron-racing” бўйича мусобақа ўтказилди.
“Dron-racing” мусобақаси курсантларда замонавий учувчисиз технологияларга бўлган қизиқишни янада ошириш билан бир қаторда, келгусида хизмат фаолиятида қўлланилиши мумкин бўлган инновацион технологияларни амалий жиҳатдан ўзлаштириш учун замин яратади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда учувчисиз учиш аппаратлари турли соҳаларда, жумладан, мониторинг, ҳудудларни кузатиш, қидирув-қутқарув ишлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишларида кенг қўлланилмоқда. Шу нуқтаи назардан, бўлажак мутахассисларнинг ушбу технологиялар билан ишлаш бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этади.
Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий билимини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш ҳамда китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида курснат ва ҳарбий хизматчилар ўртасида иншо танлови ўтказилди.
Иншо ёзиш жараёнида иштирокчилар Мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган ютуқлар, тинчлик ва осойишталикнинг қадр-қиммати, халқимизнинг бирдамлиги, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда Ватан равнақи йўлида ҳар бир фуқаронинг масъулияти ҳақидаги фикрларини ўзига хос тарзда ифода этдилар.
Мазкур танлов ҳарбий хизматчиларнинг ватанпарварлик руҳини юксалтириш, миллий қадриятларга ҳурматини ошириш ва она Ватанга муносиб фарзанд бўлиш масъулиятини чуқур ҳис этишларига хизмат қилди.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА