Ҳарбий соҳадаги янги тажриба ўз самарасини бермоқда
Дунёда кечаётган ҳарбий-сиёсий вазият бугун барчамиздан ҳар қачонгидан-да ҳушёр бўлишни талаб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армияни ташкил этиш бўйича улкан ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ вилоят ҳокимликлари ҳузурида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида учрамайдиган бу тажриба бугун ўз самарасини берди: қисқа муддатда қўшинларда йиллар давомида йиғилиб қолган тизимли муаммолар бартараф этилиб, миллий армиямиз ҳар қачонгидан-да замонавийлик касб этиб бормоқда.
Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-маъмурий секторлар билан ҳамкорликда олиб борган капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида қўшинлардаги эскирган жанговар тайёргарлик объектлари ва ўқув-моддий базаси, ҳарбий шаҳарча ва полигонлар инфратузилмалари замон талабларига мос равишда такомиллаштирилди. Бу ўз-ўзидан она Ватан ҳимоячиларининг доимий жанговар шайликни ушлаб туришида улкан аҳамият касб этяпти.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳарбий-маъмурий секторлар ҳамкорлигида ўтказилаётган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар юртимиз аҳолиси, айниқса, ёш авлод вакиллари қалбида Ватанга садоқат ҳиссини оширишга, ҳарбий касб эгаларига бўлган ҳурмат туйғуларининг ортиб боришига хизмат қилмоқда.
Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари ҳамда вазирлик масъул офицерлари иштирокида ўтказилган йиғилишда давлат бюджети ва ҳарбий-маъмурий секторлар маблағлари сарфланишининг 9 ойлик натижалари таҳлил этилиб, миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини янада ошириш, замонавий ва профессионал армияни шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тегишли маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида келгусида бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифалар ва уларнинг ижросига доир масалалар келишиб олинди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва
оммавий коммуникациялар департаменти