Ҳарбий соҳада қонунийлик ва коррупцияга қарши кураш масалалари муҳокама қилинди Бош прокурор ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори Қаҳрамон Исроилов раислигида Қуролли Кучлар вазирлик ва идораларининг мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда Мудофаа вазири Шуҳрат Халмухамедов, Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Икрамов, Миллий гвардия қўмондони Баҳодир Ташматов, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари раҳбарияти, Қуролли Кучлар тизимидаги ҳарбий округлар, қўшилмалар, ҳарбий қисмлар, муассасалар, доимий назорат-текширув органлари ҳамда ҳарбий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида қўшинларда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Шунингдек, Президент — Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони томонидан Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда соҳаларни рақамлаштириш, киберхавфсизликни кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофаза этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА