Ҳарбий қисмда «От устида эстафета» бўлиб ўтди
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Хайробод гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари ўртасида «От устида эстафета» бўлиб ўтди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сативалдиев, Денов туман ҳокими Абдумалик Алламуродов, Термиз ҳарбий прокуратруси, давлат ва жамоат ташкилотлари, фахрийлар ва ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Ташкилотчилар мусобақа ўтказиладиган жойни Сурхон этно маданиятини акс эттирувчи жиҳозлар билан безатиб, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари томонидан ўтовлар тикилди. Уларнинг қўл меҳнати намуналари бўлган кашта, қуроқ ва ип йигириш ҳамда фольклор чиқишлари намойиш этилди. Тадбир давомида Сурхондарё вилоят маданият уйи актёрлари томонидан Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди ҳарбий ҳаётига оид саҳна кўриниши, бахшилар томонидан терма ва достонлар ижро этилиб, фахрий қоровул шахсий таркибининг қўл жанги чиқиши намойиш этилди.
Мусобақа шартида кўра, иштирокчилар учта йўналишда бўйича беллашдилар. «От устида эстафета» баҳсларининг якуний натижасига кўра, 300 балл тўплаган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари 3-ўринни эгаллаган бўлса, ДХХ чегара қўшинлари жамоаси 360 балл билан 2-ўринга лойиқ топилди. Мусобақа ғолиблиги Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоага насиб этди. 435 балл тўплаган ғолиб жамоа бошқа рақибларни анча ортда қолдирди
Шунингдек, тадбир давомида куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари ўртасида улоқ кўпкари мусобақаси ҳам ўтказилди. Баҳсдан ташқари ўтказилган мазкур беллашувда ҳам Мудофаа вазирлиги шарафини ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар юқори натижаларни қўлга киритиб, мусобақанинг бош соврини соҳибига айланишди.
Қизиқарли ва муросасиз курашларга бой бўлган мусобақа ғолиб ва совриндорлари Мудофаа вазири ўринбосарининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
И.Аввалбоев, ЎзА