Ҳарбий округда янги ўқув йили бошланди
Дастлаб ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг “Жанговар гуруҳ йили” шиори остидаги янги ўқув йилини бошланиши муносабати билан қўшинларга йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Тантанали тадбирда сўз олган округ қўшинлар қўмондони полковник Раҳматулло Раҳмонов ўтган ўқув мавсумда эришилган ютуқларни эътироф этиб, қўшинларни янги марраларни забт этишга руҳлантирди ва янги ўқув йилида қўйилаётган талабларни сифатли бажарилиши учун ҳарбий хизматчиларга катта ишонч билдирилди.
Бундан ташқари ўқув йили давомида аскарларни касбга ўқитиш билим ва кўникмаларга эга бўлишга, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни моҳирона бошқаришни ўрганиб, уларни шай ва соз ҳолатда ушлаб туришга, турли вазиятларда тўғри қарорлар қабул қилиш кўникмасини оширишга чақирди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланди. Жанговар тайёргарликнинг модернизация қилинган, мослашувчан тизимининг жорий этилиши округ қўшинларида жанговар тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини бир неча баробарга оширилишига хизмат қилди.
[gallery-29152]
Тантанали маросимдан кейин бўлинмаларда ўқув йилининг илк машғулотлари ташкил этилди. Унда дунё ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, ҳарбий интизом ва ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан муомалада бўлганда хавфсизлик талабларига риоя этиш борасида маърузалар тингланиб, кўргазмали машғулотлар ташкил этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.