Ҳарбий оилалар бекалари ўзаро баҳслашди
Мудофаа вазирлигининг Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Хайрабод ва Какайди гарнизонларидаги ҳарбий қисмларда “Мен намунали ҳарбий оила бекасиман!” шиори остида “Балли, аёллар!” кўрик-танлови ўтказилди.
Ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар оилалари иштирок этган тадбирларда сўнгги йилларда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаб, ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ватанимиз посбонлари уй бекалари сабр ва қаноат маликалари сифатида эътироф этилиб, тинчлигимиз қўриқчилари юртимизнинг қайси гўшасида хизматда бўлмасин, уларнинг умр йўлдоши ҳамиша елкадош, синовли кунларида суянчиқ экани хусусида сўз юритилди.
Иштирокчилар “Мен намунали ҳарбий оила бекасиман”, “Игнадан ип ўтмаса”, “Баҳру байт” ҳамда “Биз Тўмарис издошларимиз” шартлари бўйича ўзаро баҳслашди.
Нуфузли ҳайьат аъзолари тўртта шарт бўйича бекаларнинг ҳар бир чиқишини одилона баҳолади.
Қизиқарли баҳсларга бой бўлган танлов ғолиблари ва иштирокчилар гарнизонлар бошлиқларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сурхондарё вилоятидаги бошқа гарнизонлар ҳарбий қисмларида ҳам худди шундай кўрик-танлов ўтказилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири