Ҳар бир қадам саломатликка етаклайди
Андижон вилояти Хонобод шаҳрида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида соғломлаштириш ва юриш тадбири бўлиб ўтди.
Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўктамжон Охунов, Хонобод шаҳар ҳокими Машъалбек Тажибаев, сектор раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, умуман, аҳолининг турли қатлам вакиллари фаол иштирокида ўтган тадбир ҳақиқий спорт ва соғломлаштириш байрамига айланди.

– Ушбу тадбир нафақат биз кексаларга, балки барча иштирокчиларга ўзгача шижоат бағишлади, – дейди меҳнат фахрийси Усмонжон Худойбердиев. – Киши жисмонан соғлом бўлсагина унинг бошқа барча ишларида унум ва барака бўлади. Шу маънода ўтказилаётган бу каби тадбирлар аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА