Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор
Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири - давлат идоралари фаолиятини халққа яқинлаштириш, фуқаронинг дарди ва муаммосини эшитиш, унинг қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат.
Мурожаат шунчаки ариза ёки шикоят эмас. Унинг ортида инсоннинг кундалик ҳаёти, оиласи, фарзандлари, иши, уй-жойи ёки саломатлиги билан боғлиқ муаммо турган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир мурожаатга эътибор билан ёндашиш, уни ўз вақтида кўриб чиқиш ва имкони борича жойида ҳал этиш давлат органлари фаолиятининг муҳим мезонига айланмоқда. Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев мурожаатларни ҳал қилиш, уларга ечим топиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

– Туманимизда 2026 йилнинг ўтган 9 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига аҳолидан жами 831 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал этилган бўлиб, қолган мурожаатлар бўйича ҳам тегишли ташкилотлар томонидан иш олиб борилмоқда.
Мурожаатлар мазмунини таҳлил қилиш туманда аҳолини ўйлантираётган асосий масалаларни ҳам аниқ кўрсатиб беради. Хусусан, ҳуқуқ-тартибот, ижтимоий ҳимоя ва уй-жой таъминоти, давлат органлари фаолияти, молия ва банк-кредит муносабатлари, солиқ ва суғурта, соғлиқни сақлаш ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик билан боғлиқ масалалар аҳоли мурожаатларида асосий ўринни эгалламоқда.
Бу рақамлар, бир томондан, аҳолининг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатса, иккинчи томондан, давлат ташкилотлари олдида ҳал этилиши лозим бўлган вазифаларни ҳам аниқ белгилаб беради.

Айниқса, мурожаатларни ташкилотлар кесимида ўрганиш муҳим хулосаларни юзага чиқаради. Масалан, туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига 50 та мурожаат келиб тушган. Мажбурий ижро бюроси туман бўлимига эса 35 тадан ортиқ мурожаат йўлланган. Газ, ичимлик суви ва электр таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам мурожаатлар сони ошган.
Демак, аҳолининг ижтимоий ҳимояси, коммунал хизматлар сифати, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ижро жараёнлари каби йўналишларда ишларни янада такомиллаштириш талаб этилади. Ислоҳотларнинг моҳияти ҳам шунда муаммони мурожаат келиб тушганидан кейин ҳал қилиш билан чекланиб қолмасдан, уни келтириб чиқараётган сабабларни бартараф этиш.
Доимий равишда аҳоли мурожаатларини маҳаллалар кесимида ҳам таҳлил қилиб бормоқдамиз. Жумладан, Наврўз, Зафаробод, Бирлик ва Шўртепа маҳаллаларида мурожаатлар нисбатан кўп қайд этилган. Шунинг учун бу ҳудудларда аҳоли билан қўшимча сайёр қабуллар ўтказиш йўлга қўйилган.

Бугун давлат хизматчиси фуқарони ўз ҳузурига чақиришини кутиб ўтирмай, унинг яшаш манзилига бориши, муаммосини ўша ерда ўрганиши ва имкони бўлса, шу ернинг ўзида ҳал қилиши керак. Сайёр қабулларнинг асосий аҳамияти ҳам ана шунда.
Шунингдек, келиб тушган 831 та мурожаатнинг 454 таси, яъни 54,6 фоизи Республикадаги бошқа ҳудудларда жойлашган тегишли корхона ва ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Уларнинг асосий қисми фуқароларнинг бошқа ҳудудлардаги ҳуқуқлари бузилиши, ижро иши, алимент, кредит ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ.
Бу ҳолат мурожаатлар билан ишлашда идоралараро ҳамкорликнинг аҳамиятини яна бир бор кўрсатади. Бир ҳудуддаги давлат органи фаолияти билан чекланиб қолмасдан, мурожаат тақдири қайси ташкилот ваколатига киришидан қатъи назар, унинг якуний натижасини назорат қилиш зарур.
Конимехда бу борада масъулият масаласига ҳам жиддий ёндашилмоқда. Мурожаатлар тегишли масъулларга белгиланган тартибда топширилмоқда. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини бузган ёки жараёнда қонунбузилишларга йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Амалий натижалар эса одамлар ҳаётида кўринади. Жумладан, Боймурод овул фуқаролар йиғинининг Қўшқудуқ овулини марказ билан боғловчи 14 км йўлни шағаллаштириш ҳақидаги мурожаати тўлиқ ҳал этилган. Бу бир қарашда оддий йўл масаласидек кўриниши мумкин. Аммо қишлоқ аҳолиси учун мазкур йўл марказ билан алоқа, таълим, тиббий хизмат, савдо ва кундалик эҳтиёжларга етиб бориш имкониятидир.

Кўп қаватли уйлар олдида қўшимча болалар майдончалари қуриш бўйича аҳоли мурожаатлари асосида 11 та ҳудудда қурилиш ишлари бошланган. Ичимлик суви билан боғлиқ мурожаатлар ҳам мутахассислар иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда.
Иш билан таъминлаш масалалари ҳам доимий эътиборда. Бу борада мурожаатлар ҳар жума куни туман ҳокимлигида, шунингдек, туман ҳокими ўринбосарларининг сайёр қабулларида кўриб чиқилмоқда. Бунинг натижасида иш излаётган фуқароларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ва уларга мос ечим топиш имкони кенгаймоқда.
Албатта, мурожаатлар билан ишлашда барча масалани бир зумда ҳал этиб бўлмайди. Айрим муаммоларни ҳал қилиш учун маблағ, вақт ёки юқори турувчи ташкилотлар билан келишув талаб этилади. Шу сабабли такрорий мурожаатлар ҳам учраб турибди. Агар фуқаро бир масала юзасидан қайта-қайта мурожаат қилишга мажбур бўлаётган бўлса, демак, биринчи мурожаатдан кейин муаммо тўлиқ ҳал этилмаган ёки фуқарога ечим муддати ва тартиби етарлича тушунтирилмаган. Шу боис замонавий давлат бошқаруви мурожаатлар сонини камайтириш эмас, фуқаронинг муаммосини биринчи мурожаатнинг ўзида тўғри тушуниш ва имкони борича якуний ҳал этишни талаб қилади.

Конимех туманидаги мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, бугун аҳоли ўз муаммоси билан давлат идораларига мурожаат қилишдан, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишда фаоллашмоқда. Давлат ташкилотларидан эса ана шу мурожаатларни эшитиш, холис ўрганиш, қонуний ва амалий ечим топиш талаб этилмоқда.
Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон бор. Шунинг учун ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш – оддий хизмат вазифаси эмас, балки инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларнинг бевосита амалий кўринишидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири