Ҳар бир маҳалланинг ўз ривожланиш йўналиши бор
Самарқандда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилаётган кўргазмали семинар иштирокчилари Самарқанд туманидаги Қўштамғали маҳалласи ҳудудида, М-37 автомобиль йўли бўйида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экиш тадбирида иштирок этдилар.
Ушбу манзилдан кейин меҳмонлар Конигил маҳалласи Сиёбча канали бўйида олиб борилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Конигил – юртимиздаги илк “туризм қишлоғи” мақоми берилган ҳудуд ҳисобланади. 939 хонадон, 1313 оилада 4838 нафар аҳоли яшайди. 102 гектар майдонни эгаллаган маҳалла туризм ва ҳунармандчиликка ихтисослашган. Ҳудудддан ўтган Сиёбча канали атрофида “Соҳил бўйи” мастер-режаси асосида қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Ҳозир маҳаллада 107 та туризм объекти, жумладан, 20 та оилавий меҳмон уйи, 15 та ҳунармандчилик устахонаси, 8 та миллий овқатланиш шохобчаси, 20 дан ортиқ савдо нуқтаси, 3 та дам олиш маскани фаолият кўрсатмоқда.
Ҳудудлардан келган ҳокимлар ва ҳоким ўринбосарларига “Соҳил бўйи” мастер-режаси, лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Бугунги семинарда Самарқанд туманидаги маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаларини яратиш борасидаги ибратли тажрибаларга гувоҳ бўляпмиз, – дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Мурод Очилов. – “Бир контур – бир маҳсулот”, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойиллари асосида олиб борилаётган ишлар, туризм бўйича лойиҳалар ҳам яхши самара бераётганини кўрдик. Албатта, давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган вазифалар асосида бу ишларни ҳар бир ҳудудда, маҳаллада ташкил этиш мумкин. Семинарда бу борада бошқа вилоятлардан келган ҳокимлар ва ҳоким ўринбосарлари билан тажриба алмашяпмиз.
Семинар қатнашчилари Самарқанд туманида томорқа ва деҳқон хўжалиги йўналишларида аҳолини ўқитиш, ерга ишлов бериш, маҳсулотларни етиштириш ва сотишга кўмаклашиш билан шуғулланаётган “SAM AGRO CENTER” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди.
[gallery-21701]
2021 йилда ташкил этилган мазкур тадбиркорлик субъекти томонидан бугунги кунда томорқа ва деҳқон хўжаликлари учун 12 турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари, АҚШ, Туркия, Испания, Франция, Россия давлатларидан 25 турдаги Ф-1 репродукцияли, серҳосил ва касалликка чидамли сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар уруғлари келтирилмоқда. Шунингдек, Туркия ва Россия давлатларидан малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда 45 нафар агроном томорқа, деҳқон ва фермер хўжаликларига кўмаклашиш учун ўқитилмоқда.
Семинар иштирокчилари томорқа хўжаликларида етиштирилган маҳсулотлар ярмаркаси билан танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари