Ҳар бир маҳаллада, ҳар бир кўчада кўчат экамиз
Ўсимликлар оламининг инсон ҳаётидаги аҳамияти катта. Яшил маконнинг фойдали томонлари жуда кўп. Ҳавонинг кислородга тўйиниши, шамолга ҳимоя бўлиши, қушларга макон, қурилиш ашёси ва ёқилғи сифатида фойдаланилиши, ер ости сувлари сатҳининг меъёрида бўлишини таъминлаши каби фойдалари хусусиятлари кенг.
Наманган вилоятининг Уйчи туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бу гал ҳам шижоат билан амалга оширилди. Жумладан, туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими Жийдакапа ва Баландариқ маҳаллалари ҳудудида МФЙ фаоллари иштирокида ҳашар ўтказилди. Унда 100 тупдан ортиқ павлония, олма, беҳи, бодом, атиргул кўчати экилиб, мавжуд дарахтларга шакл бериш, оқлаш ишлари бажарилди.



Шу билан бир қаторда, ўзгалар ёрдамига муҳтож, ногиронлиги бор оилаларнинг томорқа ерларини тартибга келтириш ишлари бажарилди. Масалан, Баландариқ маҳалласи, Тадбиркор кўчаси, 17-уйда яшовчи Нурхон ая Абдураҳмонова ўғли Ҳусан Абдужабборов айни пайтда Самарқанд вилоятида Миллий гвардия сафида хизмат фаолиятини олиб бораётгани сабабли, томорқани юритиш, ерларини юмшатиш ва дарахтларга шакл беришда қийналаётганди. МФЙ ва “Маҳалла” фонди томонидан хонадондан хабар олиниб, Нурхон аянинг таклифига асосан томорқага бодом, олма, беҳи каби мевали дарахт кўчатлари экилди.

Жийдакапа маҳалласи Уйчи туманидаги ИИБ бошлиғи масъул учинчи сектор штаби ҳисобланади. Унинг атрофларини намунали сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис МФЙ ва “Маҳалла” фонди вакиллари томонидан мазкур гўшадаги кўчалар бўйлаб бир қатор манзарали кўчатлар экилди.



–“Яшил макон” лойиҳасида маҳалла гузарларида, ижтимоий муҳофазага муҳтож хонадонларда кўчатлар экиш, томорқаларни чопиб юмшатиш, дарахтларга шакл бериш бўйича маҳалла фаоллари билан биргаликда иш олиб бордик, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси Аҳмаджон Мукаррамов. Уйчи туманидаги “Жийдакапа” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан билдирилган МФЙ ва унинг атрофларини яшилликка буркаш тўғрисидаги ташаббус эътиборимизни тортди. Зеро, бугунги экилган кўчатлар эртага, албатта, элимиз манфаатига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири