Ҳар бир ишсиз шахс аввало инсондир
Ишсизлик сабаб маънавият, онгу тафаккур деб аталмиш олтин хазинага бой кўҳна сандиқни ҳам қўшиб сотиб юборишимиз мумкин. Ишсизлик одамнинг бошига не-не кулфатларни келтириши барчамизга маълум.
Ишсизликнинг илдизи жудаям чуқур. Капиталлашган дунёда инсон меҳнат ресурси, товар, каттагина фойда олиш воситасига айлантирилган. Бошқача айтганда, бозор учун у худди станок, хом ашё, энергия каби қадр-қимматга, ўз нархига эга. Қаерда ана шундай “товар” арзон бўлса, ўша ерга салмоқли инвестиция кириб боради. Бунга Хитой, Ҳиндистон, Малайзия каби давлатлар тажрибасини мисол сифатида келтиришимиз мумкин. Лекин ишчи кучи қанчалик арзон бўлмасин, ишсизлик балосини батамом тугатишни ҳеч қайси давлат уддалай олган эмас.
Мутахассислар ишсизликнинг бир неча турларини ажратиб кўрсатишади. Даврий ишсизлик-иқтисодий регресс, кризис даврийлиги пайтида минглаб ходимларнинг ўз иш жойларининг йўқотишидир. Фрикцион – мутахассиснинг иш излаш тажрибасига эга бўлмагани, шу мутахассислик бўйича иш жойи вақтинча йўқлиги орқали келиб чиқадиган ишсизлик.
Мавсумий – бозорда мавсумга қараб хизмат ёки товарга бўлган эҳтиёжнинг ошиши ёки тушишига боғлиқ бўлган ишсизлик. Бу фаслнинг ўзгаришига ҳам боғлиқ. Тармоқ ишсизлиги – иқтисодиётдаги бирор-бир тармоқнинг банкротликка, кризисга юз тутиши ортидан кечади. Масалан, пандемия шароитида туризм, меҳмонхона, концерт-томоша хизматларида ана шундай ишсизлик пайдо бўлди. Бунинг устига иш жойларининг автоматлаштирилиши, иқтисодий инқирозлар, инфраструктуранинг қолоқлиги, урбанизация даражаси, шахснинг етарлича малака ва кўникмага эга бўлмагани қўшилса, ишсизликнинг сабаблари янада аён бўлади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига қараганда дунёда 188 миллион нафар ишсиз, 165 миллион нафар яшаш минимумидан кўра кам ҳақ олувчи, 120 миллион ҳеч жойда ишламайдиган (лекин ишсиз сифатида рўйхатга олинмаган) инсон мавжуд. Бошқача айтганда жами 450 миллион нафар шахс ёки меҳнатга яроқли аҳолининг 10 фоизи ўз тирикчилигини ўтказиш имкониятига эга эмас.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, бозор жамиятнинг маънавий деворларини ҳатлаб ўтиб, ҳамма нарсани фақатгина фойдага қаратиш қудратига эга. Бу нима дегани? Бу инсон фойда олиш учун, тирикчилик қилиш учун ҳар қандай маънавий мезонларни четга суриб қўяди деганидир! Бу бизнинг ҳаётимизга ҳам кириб келаётгани бор гап. Бунинг ҳам илдизи ишсизликка бориб тақалади.
Алп ўғлонларимиз, қизларимиз иш излаб четга чиқиб кетишининг асл сабабларидан бири иш ҳақи миқдорининг уларни қониқтирмаслигидир! Олий маълумотга эга бўлмаган ходимларнинг энг кам иш ҳақи 650-700 минг сўм атрофида. Бу ойига 70 доллар деганидир. Аёнки,бу пулга уй солиш, тўй қилиш, оилани боқиш мумкин эмас. Ўзга юртда эса қийинчилик кўришсада, қурувчилик қилиш, кўча супуриш каби юмушлар эвазига уйига ҳар ойда 500-600 доллар жўнатаётганлар кўп. Бора-бора кўпгина чет давлатларда ўзбек диаспораси кўпайиб бораётганининг илдизи шу сабабга тақалади.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Иш ҳақининг камлиги, қолаверса, мос иш топа олмагани учун кўплаб интеллектуал салоҳиятли, давлатни ривожлантира оладиган, миллатни қаддини кўтарадиган салоҳиятли кадрлар чет элга, яхши ҳақ тўланадиган жойларга кетиб қолаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Улар ўзига тўқ яшаётгандир, орзуларига етишаётгандир. Лекин уларни четга узатиб давлат ютқазаяпти, миллат ўз келажагини бозорга бой бераяпти.
Ҳозирги замон иқтисодчилари ҳар бир капиталлашган жамиятда 5-7 фоиз ишсизнинг бўлиши табиий эканини, бу меҳнат бозорида талаб ва таклиф мувозанатини ушлаб туриш, ишчи кучи ресурсларини талабга қараб қайта ўзгартириш имконини беришини таъкидлашади. Очиғи, бу фикр кўпчиликнинг скептик (моҳиятан ишончли эмас деган) муносабатига сабаб бўлган. Аслида ҳам шундай.
Сабаби, ҳар бир ишсиз шахс аввало инсондир. У бахтли яшаши, замонавий дунёда барча эҳтиёжларини қоплаш имконига эга бўлиши учун зарур даромад манбаига эга бўлиши керак. Гуманистик ғоялар устуворлигини сақлаб қола олган жамиятда бу ҳолат ўзгармас аксиома бўлиши зарур.
Айниқса, асрлар давомида дунё тамаддунини юксак аҳлоқий, маънавий, инсонпарварлик қадриятлари, ғоялари, ўлчовлари билан бойитган, бу борада юксак ўринларда бўлган, кейинчалик қаттол мустамлакачилик сабабли дунё саҳнасидан четга суриб қўйилган Ўзбекистонда ҳар бир инсон иш билан таъминланиши олтин постулатга айланиши шарт. Бу борада сўнгги йилларда мамлакатимизда мисли кўрилмаган ислоҳотлар олиб борилмоқда ва бу давом этажак.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
журналист