Ҳар бир эътирофнинг ўз юки, масъулияти бор
Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилган ёшлар форуми Ўзбекистон ёшларининг чинакам байрамига айланди.
Анжуманда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, ёшларга мурожаат йўллагани нафақат пойтахтимиздаги “Хумо арена” мажмуасида жам бўлган йигит-қизлар, балки форумни республикамизнинг барча вилоятларида онлайн кузатиб турган 30 мингдан зиёд фаол ва иқтидорли ёшлар учун ҳаяжонли ва қувонарли лаҳзаларни туҳфа қилди.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзини “Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман”, деган юксак меҳрга тўла сўзлар билан бошлаганининг ўзиёқ қалбларимизга улкан шукуҳ бахш этди. Юртбошимиз юксак минбардан туриб “Ўзбекистоннинг Янги Ренессансини сизлар яратасизлар”, дея ишонч билан бизга юзландилар.
Президентимиз ўз мурожаатларида ёшларнинг таълим, тадбиркорлик, маданият, санъат, ижод ва спорт соҳаларидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдан тортиб, намунали ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, изланувчан йигит-қизларни рағбатлантириш, китобхон авлодни тарбиялашгача бўлган барча муҳим вазифаларни амалга оширишнинг тизимли йўлларини кўрсатиб берганлари, барча-барчаси – ёшлар тақдирига чинакам ғамхўрликнинг муносиб ифодаси бўлди. Давлат мукофоти совриндори бўлган йигит-қизлар, чемпион ёшларни давримизнинг чинакам бойлиги, дея таъкидлаганлари бизни ушбу эътирофга янада муносиб бўлишга руҳлантирди. Қолаверса, фаол ва ташаббускор ёшларнинг энг олдинги сафларида бўлишга ундади.
Фарғона вилояти студияси орқали давлатимиз раҳбарига дадил нигоҳлар билан сўзлаётган тенгдошларимнинг ёниқ чиқишларини кузатар эканман, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ватанимиз ҳаётининг ҳал қилувчи кучи, Янги Ренессанс бунёдкорлари бўлган янги авлод камолга етаётганига ишончим ортди. Ўзим ҳам ана шу авлод сафида эканлигимдан фахрландим, ижодда, касбий фаолиятимда янги мақсадлар сари куч олдим. Ўз навбатида, форум орқали бизга қаратилган ҳар бир эътироф ва ишончнинг ўз юки, масъулияти борлигини ҳар онда унутмаслик аҳди қалбимда уйғоқ турибди.
Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори