Ҳақиқат ёҳуд саккизинчи ранг
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари номзоди Тоштемир Турдиевнинг фазилатлари яккалам қилинган мақола, шеър, ёзишма ва бошқа битиклар жамланган “Денов: эътироф ва эҳтиром” китоби юртимиз, айниқса Сурхондарё зиёли ва меҳнат аҳли орасида қўлма-қўл бўлиб кетди.
Китобдан етмишдан ортиқ мақолалар жой олган. Уларни синчиклаб қайта-қайта ўқиб чиқдим. Дўстим Тоштемир Турдиев сийратининг бирор арзимас қиррасини ҳам менга қолдирмасдан қаламга олган синчков, топқир, ҳозиржавоб муҳарриру мухбирларнинг самимий ва беғубор меҳнатларига маҳлиёман. Булар ҳақиқат. Ҳақиқат эса атрофимизда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг миямиздаги инъикосидир.
Ўзбекистон Қахрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг Тоштемир Турдиевни “ука”, демасдан “дўстим” дейман, Хурсанд Холиқовнинг “устозни бирор киши юзи у ёқда турсин, орқасидан ҳам сўкканини, ҳеч бўлмаганда аччиқ гап айтганини эшитмаганман”, Бахром Маматқуловнинг “Мен Олтинсой туманида туғилиб, вояга етганим учун дадил айта оламан, олтинсойликларнинг кўпи Тоштемир акани “танийди”. Ваҳоланки, Тоштемир ака Олтинсой туманида бир кун ҳам ишлаган эмас”, Эшқобил Шукурнинг “Тоштемир ака ўзи ҳаммага эл бўлишни истайди ва ҳамманинг бир бирига эл бўлишини истайди... У ичи кенг одам... Сурхондарё даштларидай кенг, осонликча ториқмайди... Ор қилади. Чунки у “Алпомиш”ни зўр билади-да” (ва бошқа ижодкорларнинг) каби иқрор ва ҳайратномалари Тоштемир Турдиевга хос ва мос табиий хақиқатнинг бадиий хақиқат даражасидаги баёнидир.
Бадиий хақиқатлар нисбийлик билан эту тирноқ. Улар мутлоқ ҳақиқатнинг шунчаки босқичларидан иборат. Тоштемир Турдиев табиатига тааллуқли ҳақиқатларни жамоатчилик фикри, ижтимоий амалиёт эртага янада аниқлаштириб, тинимсиз тўлдириб, мутлоқ хақиқат мақомига олиб чиқади. Айни шу маънода, Деновнинг Тоштемир Турдиевнинг ички қиёфасига нисбатан “эътироф ва эҳтиром”ининг ҳануз чеки, чегараси кўринмайди. Деновликлар ҳақида ҳали китобларда ёзилмаган, ёзилиши шарт ва лозим бўлган ҳақиқатлар бисёр.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид чуқур мулоҳазали, етти ўлчаб бир кесадиган, топиб ва танлаб, ўйлаб ёзадиган шоир. У қўлимиздаги китобда Тоштемир Турдиевни “Тош ва “Темир”га қиёслабди. Зотан, “Тош” ҳам, “Темир” ҳам мангуликка, мангу хақиқатга дахлдор унсурлардан. Мен Денов аҳли қувонганда бирга қувониб, йиғлаганда уларга қўшилиб бирга йиғлайдиган жон-жигар, биродарим Тоштемир Турдиевга “Тош” билан “Темир”нинг мустаҳкам табиати ва уларнинг умрини тилайман.
“Денов: эътироф ва эҳтиром” китобида абадий хақиқатга дахлдор сўз ва миллий топилдиқларга Санъатшунослик илмий тадқиқот бўлим мудири, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Эдвард Ртвеладзе, Япониянинг Сока университети профессори Кюдзо Като, тарих фанлари номзоди Баҳодир Турғунов, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Назар Тўраевнинг мақолаларида тўқнаш келасиз. Табиатшунос олиму қадимшунос алломаларнинг фикру қайдлари узоқ мозийга дахлдор, мангу ҳақиқатга тегишли, рад қилиш мумкин бўлмаган, ўтда ёнмас, сувда чўкмас далиллардир. Бундай тарихий қадриятлар билан бизни камида икки-уч минг йиллик масофа боғлаб турибди.
Шоир ёзади:
Топганим ҳақиқат, топмаганларим
Ҳаётни хайрат ҳам сайқалга ўранг.
Зиё ҳам фаришта, яхши ёмонни
Китобга қўйилган хайкалдан сўранг.
Гўзал ҳам, ғазал ҳам уят, андиша,
Армон, кемтигимни ёпарсан, болам.
Мен билган, билмаган ҳақиқатлар кўп,
Уларни китобдан топарсан, болам.
Ўзингни англа ҳам унутма зинҳор
Эртак ҳам қасида, ота ҳам она.
Мустақил Ватан ҳам, ҳаёт ҳам Қомус
Авесто, Қуръон ҳам ҳақиқатхона.
Уларнинг асос ҳам мезони меҳнат,
Тил билан тафаккур, тарози ҳам санг.
Нисбий ё абсолют, мангу ҳақиқат
Инсон ҳам, меҳри ҳам саккизинчи ранг.
Ҳақиқатдан ҳам китоб қадрият, тарихий топилмалар ҳам, инсон ҳам, “саккизинчи ранг” ҳам қадрият. Инсон фарзандларининг қўлидан келмайдиган юмуш йўқ. Бир тус рангнинг қирқдан ортиқ турини бир-биридан фарқлай билишга қодир мусаввир мавжуд етти рангдан фойдаланиб, сурат чизади. Бироқ битта асосий – “саккизинчи ранг”ни уларга қўшмаса сурат қуруқ, беътасир, жонсиз чиқади. “Саккизинчи ранг” етишмаса таом кўнгилдагидай бўлмайди. Барча ранглар рангини ўзгартирадиган, таомнинг сифатига сифат қўшадиган бу “саккизинчи ранг”. Мавлоно Абдухолиқ Ғиждувонийнинг “Мақсад ас соликин” китобида баён қилингани мисол у юракдаги муҳрдир, муҳаббатдир.
Дўстим Тоштемир Турдиевнинг сийрати, ботини бир катта ғулғула шаҳарга, саккизинчи рангнинг завол билмас, минг кўзли сарчашмасига ўхшайди. Зотан, оламнинг исталган нуқтасидаги нурнинг етти хил рангда товланишини кўриш, кузатиш мумкин. Чунки улар моддийдир. Бизнинг назаримиздаги саккизинчи рангни эса энг замоавий қурилмалар ҳам қайд қилишга қодир эмас. Сабаби, саккизинчи ранг, яъни меҳру муҳаббат фақат нотирик табиатнинг ажралмас бўлаги бўлмиш тирик табиатга, шу жумладан, инсонларга хос бўлган ботиний, маънавий хусусиятдир.
Маънавий бойлик, яъни ўша саккизинчи рангнинг қанча ва қандайлиги инсоннинг сочи оқ оламга, курраи заминга, Ватанига, ота-онага, одамларнинг бир-бирига бўлган холисона муносабатларида намоён бўлади. У юқоридаги муносабатлар жараёнида моддий кучга, битмас-туганмас илҳом ва ғайрат-шижоатга айланади.
Тоштемир Турдиевда шундай бўлди. “Денов: эътироф ва эҳтиром” китобида бор ва тор гаплар саккизинчи ранг, яъни хақиқатнинг оқ қоғоздаги сурати бўлди. Қадриятга, китобхонларни ҳаяжонлантирувчи объектив ҳақиқатга айланди.
Тоштемир ота юрти, устозлари, киндик қони томган гўшани қамраб олган ҳудуд – Деновни улуғлаб, ҳозиргача йигирмадан ортиқ китоб ёзиб улгурган. У китоблар сиз ўйлаган, биз тўқнаш келган баъзи китоблардан эмас. Уларнинг сурат ва сийрати, мазмун ва моҳияти, зиммасидаги ижтимоий юки ва тарихий салмоғи, ширин сўзи ва ширали сатри умр бўйи ота-она висолига интиқ мунгли кўзнинг ёши, яланг оёқ ва юпун етимча қалбнинг дарди, ғариб ва нотавон юрагининг исёнидан қад ростлаган, ўйлаб ва ўртаниб ёзилган асарлардир.
Унинг мен ўқиган асарлари сатри қат-қатидан юқоридагилардан ташқари чиму чечак, гулу гулзор, ғалла, пахта, пилла ва тиллали муқаддас она тупроқнинг хушбўй хиди анқийди. Аслида ҳам Денов азалдан қуёш ардоғидаги юрт, обиҳаётга ошна қадим ва табаррук замин. Шу маънода Тоштемир Турдиев Чағаниённинг 2500 йиллик тўйи илинжида атрофига зиёли, ишбилармонлар жамоасини жамлаш учун кўп йиллардан буён жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Тоштемир Турдиев билан Бухорода Педагогика университетининг “тарих - филология” факультети биносида, таниқли шоир Тошпўлат Ҳамиднинг “Ёш қаламкашлар тўгараги” даврасида танишганмиз. Шеъриятнинг ўзига хос жозибали жиҳатларини Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камолдан ўрганганмиз. Талабалик йилларимиз завқу шавқ, илҳому ишонч, мутолаа, хуллас, бетакрор тароватли меҳнат билан ўтган. Машқ, машқ, муҳокама. Шу тариқа Тоштемирнинг “Ёдингдами?” шеъри, Музаффар Турсуннинг “Ямоқ” ҳикояси, менинг “Арслонтош” асарим дунёга келган эди.
Хушбоқ Раҳимов, фалсафа фанлари номзоди, шоир.