Ҳақиқат садоси
10 апрель – Абдулла Қодирий таваллуд топган кун
Ўзбек романчилигининг асосчиси, севимли адибимиз Абдулла Қодирий таваллудига 128 йил тўлди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси, аъзолари – ёзувчи-шоирлар, адабиётшунослар пойтахтимиздаги Камолон қабристонидаги адибнинг рамзий қабрини зиёрат этди.
Қуръон тиловат қилинди. Ёзувчининг асарлари ёдга олинди.

Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид Президентимиз ташаббуси билан Абдулла Қодирий ижодига эътибор кейинги йиллар давомида тобора кучайгани, улуғ адиб номи билан ижод мактаби самарали фаолият кўрсатаётганини таъкидлади. Айни пайтда ёзувчи мемориал музей мажмуаси, уй-музейидан адабиёт мухлисларининг қадами узилмаяпти.
Ёзувчи таваллуд санаси муносабати билан таълим масканлари, унинг уй-музейида адабий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Қодирий уй-музейида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда иқтидорли ёшлар томонидан адиб ҳаётининг сўнгги лаҳзалари акс этган театрлаштирилган лавҳалар намойиш этилди.
Биз мазкур тадбирда иштирок этган хорижлик миллатдош адибларимизнинг устоз Абдулла Қодирий ҳақида билдирган фикрларини қуйида келтиришни жоиз билдик.

– Қодирий биз учун, зиёлилар олами учун ҳақиқат садосидир, – деди афғонистонлик олим Азизулло Орол. – Қодирий ҳақида бу ерда гапиришга унчалик журъат этолмасдим. Аммо бундан бир йил олдин Афғонистонда бўлган пайтимда Ўзбекистоннинг энг кўп роман ёзувчиси Нурали Қобул ака имкон очди. "Абдулла Қодирийга бағишланган тадбир ўтказилмоқчи. Афғонистонда "Ўткан кунлар" романи ҳақида бирор нарса ёзсангиз ва шу тадбирга қатнашсангиз", деган. Бу ўтган йилги гаплар. Кейин мен айтдимки, "Нурали ака, Афғонистонда Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи ҳам, бошқа асари ҳам бўлмаган. Мен нима ёзишим мумкин?!" дедим. Улар "ҳаракат қилинг", дедилар. Ҳаракат қилдим. Абдулла Қодирий ҳақида бобомдан эшитган ҳикояларимдан сўзни бошламоқчиман. Ёшлигимда бобом Абдулла Қодирийни Жулқунбой номи билан эртак шаклида айтиб берган. Ўзбекистондан кейин ўзбеклар энг кўп яшайдиган ўлка Афғонистон бўлишига қарамай, ҳали ҳам Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романидан ташқари ҳеч бир асари у ерга етиб бормаган.

Бобомдан эшитганларимдан келиб чиқиб, наҳотки Қодирийдек ҳақиқатгўй, унинг қаламидан томиб турган ҳақиқат шираларини тахаммул қилолмаган буюк давлат шу ёзувчига шунча жафо қилса деб ўйладим. Аммо Қодирийга нисбатан шундай муносабатда бўлинди. Қодирий ўз асарлари сони билангина буюк инсон эмас. Қодирий ўз жони билан ҳақиқатни асарларида кўрсатиб берганлиги учун ҳам буюк инсондир. У мана шу йўлда жонини фидо этди. Аммо ҳақиқатдан воз кечмади. Агар бугун Қодирий тирик бўлганида эди, бизнинг халқимиз ҳам 19-асрнинг Данте каби романнависига эга бўлар эди.
Қодирийнинг отаси 102 ёшгача умр кўрган эди. Агар Қодирийни ўлдирмаганларида эди, бизга адиб юзлаб романлар ёзган бўлур эди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг сўзлари билан айтганда, агар биз ўтмишимизни тўғри ўрганиб, ёш авлодимизга уни тўғри етказиб билсак, асло кам бўлмаймиз...
Дунёда ўз қараши, тафаккури, ўз ҳақиқатлари билан жабрланадиган инсон буюк инсондир. Қодирийнинг 2017 йили "Ўткан кунлар" романи илк бор Афғонистонда адибнинг ўзи ишлатган эски ёзувда нашр этилди. Унгача бу асар балки Қозон ёзувида, эҳтимолки 60-йилларда Жўрақори Бўтакўз Покистонда қайта нашр этган нусхаси Афғонистонга жуда оз нусхада етиб борган бўлиши мумкин. Аммо бугун Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи қуёш каби ҳар бир ўзбекнинг уйига ёғду сочиб турибди. Илоҳим, шундай бўлсин!
Бегижон Аҳмедов, қирғизистонлик адиб:– Сизларга Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раёсати, унинг аъзоси ҳамда "Қирғизистон – Ўзбекистон" дўстлик жамияти раҳбари сифатида қирғизистонлик адиб ва шоирлар, Абдулла Қодирийнинг мухлислари номидан саломлар, эҳтиром ва эъзозларимни олиб келдим. Ўзбек адабиётининг каъбасида Абдулла Қодирийдек буюк даҳо, маънавий устоз ҳақида гапириш биз учун эриш туйилади. Абдулла Қодирийнинг фитрати, ул зотнинг фикр кўлами чуқурлигини англаш учун бизга яна юзлаб йиллар керакдир. Жаҳон адабиёти тарихида Флоберлар романчилик мактабини биринчилардан бўлиб яратган бўлса, дунёда олтинчи романчилик мактабини яратган инсон Абдулла Қодирийдир. Қодирий бобомизнинг асарлари унинг буюк мутафаккирлигини намоён этади. Ўша даврларда "Ўткан кунлар" романининг бир донаси битта отнинг қийматида сотилган. Бу китобни эллик-юз китобхон биргаликда ўтириб мутолаа қилган. Йиллар ўтгани сайин бобомизнинг китоби битта от эмас, юзлаб-юзлаб отлар галасининг нархига тенг экани аён бўлмоқда.
Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар кўлами, буюк ўзгаришларни икки оғиз ифодалайдиган бўлсак, булар ҳайрат ва таажжубдир. Ҳайратки, қанча кенг кўлами ва чуқурлиги бўлса, таажжубки, охирги беш-олти йиллардаги ўзгаришлар, қўлга киритилган ютуқларга таажжуб, ҳайрат, ҳавас билан қараймиз. Илоҳим, Ўзбекистоннинг миллий юксалиш сари қўйган қадамлари абадий бўлсин, бардавом бўлсин!
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири