“Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси ғолиблари аниқланди
Навоий шаҳрида жойлашган Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмда умумтаълим мактабларининг “Ватан таянчи” отряди аъзолари ўртасида “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматга қизиқишни ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган мусобақада туман (шаҳар) босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар 11 та шарт асосида ўзаро беллашди.

Беллашувлар давомида иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий-амалий кўникмалари ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлиги синовдан ўтказилди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Навоий шаҳридаги 1-умумтаълим мактаб жамоаси, 2-ўринни Хатирчи туманидаги 44-умумтаълим мактаб жамоаси ва 3-ўринни Учқудуқ туманидаги 5-умумтаълим мактаб жамоаси қўлга киритди.


Ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири