Ҳамкорликнинг янги имкониятлари
Хорижий инвестицияларни жалб этиш, маҳаллий тадбиркорларнинг ташқи бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаш ва ҳудудлар ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни кенгайтириш Бухоро вилоятидаги устувор вазифалардан бирига айланган. Бу борада Туркия ишбилармон доиралари билан йўлга қўйилаётган мулоқотлар ҳам янги инвестициявий имкониятлар эшигини очмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, иқтисодиёт тармоқларига замонавий технологиялар ва илғор тажрибани олиб кириш, тадбиркорлик субъектларининг халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, хорижий давлатлар билан ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, бевосита ишбилармонлик алоқаларини шакллантириш орқали инвестициявий лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси депутати, Ўзбекистон билан парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Усмон Местен бошчилигидаги туркиялик ишбилармонлар делегацияси билан учрашуви ҳам ана шу мақсадларга қаратилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқалар янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди.

Учрашувнинг асосий эътибори Қайсери шаҳрида фаолият юритувчи Турк дунёси тадбиркор ва ишбилармонлар ассоциацияси (KAYTÜGİAD) аъзолари билан Бухоро вилояти тадбиркорлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига қаратилди.
Мазкур ташкилот Туркиянинг Қайсери шаҳрида ташкил этилган бўлиб, маҳаллий саноатчилар ва тадбиркорларни туркий давлатлар бозорлари билан боғлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестициявий шериклик имкониятларини яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Айни пайтда ташкилот аъзоларининг халқаро бизнес алоқаларини ривожлантириш, янги ҳамкорлар топиш ва ташқи бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар, бизнес-форумлар ҳамда ишбилармонлик учрашувларини ташкил этмоқда.
Учрашувда туркиялик ишбилармонларга Бухоро вилоятининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, саноат, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Вилоят ҳокими ҳудудда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш механизмлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд имкониятларга тўхталди. Туркиялик ишбилармонларни Бухорода янги бизнес лойиҳаларини бошлаш, маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга таклиф этди.
Зеро, Бухоро бугун нафақат бой тарихий-маданий мероси ва туризм салоҳияти, балки саноат, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш тармоқларидаги имкониятлари билан ҳам хорижий сармоядорлар эътиборини тортмоқда. Бу имкониятларни ишга солишда халқаро бизнес доиралари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш, инвестицияларни аниқ лойиҳаларга йўналтириш муҳим ўрин тутади.
Делегация вакиллари ҳам Бухоро вилояти билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудда бизнес юритиш имкониятларини ўрганиш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларида иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Мулоқотда икки ҳудуд ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, бизнес делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма бизнес учрашувлари ва инвестиция форумларини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Бухоро ва Қайсери ишбилармон доиралари ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ҳамда мавжуд имкониятларни аниқ лойиҳаларга айлантириш бўйича мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

Албатта, бундай учрашувларнинг аҳамияти фақат ўзаро таклиф ва фикр алмашиш билан чекланмайди. Энг муҳими, улар маҳаллий тадбиркорлар учун янги ҳамкорлар топиш, маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жалб этиш ва қўшимча иш ўринлари яратиш учун замин ҳозирлайди.
Бухоро ва Қайсери ишбилармонлари ўртасида бошланган мулоқот ҳам келгусида аниқ инвестициявий ташаббуслар, қўшма корхоналар ва ўзаро манфаатли иқтисодий лойиҳалар билан бойиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири