Ҳамкорликда иш юритишга келишилди
Наманганда вилоят суди ташаббуси билан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашда суд ва нотариалнинг ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Судьялар, нотариал идора вакиллари иштирокидаги тадбирда вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдуносир Эгамбердиев, вилоят маъмурий суди раиси Зарифахон Қурбонова, Ўзбекистон Нотариал палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Рашидхон Хўжахонов фуқаро ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ва нотариал ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, ушбу жараёнда очиқлик, шаффофлик, самарадорликни таъминлаш, соҳани рақамлаштиришда бажарилиши лозимлигини таъкидладилар.

Бундан ташқари мулоқотда судьялар томонидан суд амалиётида учраётган муаммолар таҳлил қилиниб, нотариуслар фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликлар тушунтирилди.

Шунингдек, давра суҳбатида нотиқлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариал идораларнинг ўрни, нотариал ҳаракатларга оид низоларни судгача ва судда ҳал этилишида ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари борасида ҳам сўз юритилди.

Фикр-мулоҳазалар, қизғин савол-жавобларга бой тарзда кечган мулоқот якунида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА