Ҳамкорлик устувор аҳамиятга эга
Бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси дунёда илм-фан ва технологиялар борасида етакчи мавқени эгалламоқда. Шу боис мамлакатимиз олий ўқув юртлари, жумладан, Наманган муҳандислик-қурилиш институтида Хитой таълим муассасалари билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Институтимизнинг Хитой олий ўқув юртлари билан алоқалари йиллар давомида шаклланган. Ҳозир саккиз нафар профессор-ўқитувчимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали Хитойнинг нуфузли университетларида таълим олди. Беш нафар профессор-ўқитувчи эса мазкур мамлакат олий таълим муассасалари томонидан эълон қилинган ўн ойлик малака ошириш курсларида иштирок этди.
Ўтган йилнинг февраль-май ойлари давомида уч нафар вакилимиз Ухань технологиялар университети докторантурасида таҳсил олди. “Бино ва иншоотлар қурилиши” кафедраси доценти Абдурасул Мартазаев Хитойда бошлаган илмий ишини муваффақиятли давом эттириб, фалсафа доктори диссертациясини ҳимоя қилган бўлса, Равшанбек Мавлонов ва Одилжон Фозилов ҳозир илмий ишларини якунлаш арафасида.
Институтимиз томонидан Хитойнинг Ухань технологиялар университети, Гулин технология университети ва Сариқ дарё университети билан мустаҳкам амалий алоқалар ўрнатилган. 2024 йил март-апрел ойлари давомида Сариқдарё университетига 10 нафар профессор-ўқитувчини малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориш, 2024-2025 ўқув йилидан Ухань технологиялар университети билан ҳамкорликда “1+1” тамойили асосида магистратура мутахассислигини ташкил этиш, шунингдек, Тяньцзин университетининг иқтисодиёт ва менежмент мактабини очиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширадиган давлат ташрифи доирасида биринчи бор “Ўзбекистон – Хитой таълим форуми” ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу нуфузли форумда иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси таркибида Наманган муҳандислик-қурилиш институти мутасаддилари ҳам бор.

Биз мазкур анжуман давомида Пекин фан ва техника университети, Ухань технологиялар университети, Ланьчжоу университети, Тяньцзин университети ва Донхуа университети вакиллари билан учрашиб, амалий ҳамкорлик шартномаларини имзолашни режалаштирганмиз.
Икки ҳамкор давлатнинг 100 дан ортиқ олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этадиган ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таълим борасидаги алоқалар янада мустакамланиши ҳамда келгусида изчил давом этишида жуда катта ҳисса қўшишига ишончимиз комил.
Шарифжон Эргашев,
Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори.
ЎзА