Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида вазир Нозим Ҳусанов Тожикистон Республикаси меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Ширин Амонзода билан учрашди.
Учрашувда икки давлат ўртасида меҳнат ва аҳоли бандлиги соҳасидаги 2021-2023 йилларга мўлжалланган келгусидаги режалар ҳақида фикр алмашилди.

Мамлакатимиз рахбари шу йилнинг июнь ойида Тожикистон Республикасига қилган ташрифи чоғида бир қатор ҳужжатлар имзоланган. Жумладан, икки давлат ўртасида меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича ҳам келишувларга эришилган эди. Шу муносабат билан бугун Тожикистон Республикаси меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Ширин Амонзода юртимизга ташриф буюрди.

– Бугунги учрашувдан мақсад меҳнат қонунчилиги шаклланиши, меҳнат инспекцияси тизими, янги иш ўринларини яратиш борасида тажрибалар алмашишдан иборат. Ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистан Республикаси Президентининг махсус карорига асосан, меҳнат муносабатлари рақамлаштирилди, яъни ягона миллий меҳнат дастурий электрон таъминот тизими яратилди. Айтиб ўтиш лозимки, бу Ўрта Осиёда биринчилардан бўлиб бизда жорий килинди ва меҳнат дафтарчалари электрон шаклга ўтказилганлиги тожикистонликларда катта қизиқиш уйғотди, – дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов.
Маросим сўнггида Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси меҳнат институтлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Қўшни давлат делегацияси ташрифи Яшнобод туманидаги «Ишга марҳамат» мономарказида давом этади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА