Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди
Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, профессор Камолиддин Ўринбоев ҳамда Грузиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Давид Котариа ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Грузиянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма таълимий-маърифий ва мусиқий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш, Ўзбекистон ва Грузия ижодкорлари иштирокида қўшма концерт дастурларини ташкил этиш ҳамда маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга доир қатор таклифлар кўриб чиқилди.
Элчи Давид Котариа Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамда ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, бу жараёнда маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Шу билан бирга, у икки мамлакатнинг олий таълим муассасалари ва ижодкорлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашиб, ўзаро манфаатли алоқаларни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришди.
Н.Усмонова, ЎзА