Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Хитой давлатининг йирик компанияларидан бири “Sinoma Energy Conservation International Investment Co.,Ltd” компанияси раиси ва бош директори Зуо Даюн бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ҳокимлик ахборот хизмати хабар беришича, учрашувда Навоий вилоятида чиқиндини қайта ишлаш орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергия тежовчи муҳандислик лойиҳалари, тоза энергияга инвестициялар, тоғ-кон саноати ҳамда нометалл маҳсулотларни қайта ишлаш орқали саноатда ишлатиладиган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилган.


Шунингдек, томонлар йирик ишлаб чиқариш корхоналарида атмосферага заҳарли чиқиндилар ташлашни камайтириш, чўлланишнинг олдини олиш ва чўл ерларида яшилликни кўпайтириш бўйича энг замонавий лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳам фикрлашди. Унга кўра, “Sinoma Energy Conservation International Investment Co.,Ltd” компанияси бошлиғи яқин кунларда Навоий вилоятига замонавий ускуналар ва етакчи мутахассисларини юборишини маълум қилди.

Музокаралар якунида чиқиндини қайта ишлаш орқали электр энергия ишлаб чиқариш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда энергия тежовчи муҳандислик лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Бугунги кунда “Sinoma Energy Conservation International Investment Co.,Ltd” компанияси томонидан Навоий вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси, қуввати 75 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизими ҳамда ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири