Ҳарбийлар оиласига “Бизнинг қаҳрамонларимиз” китоби тақдим этилди
Ватан тинчлиги — бебаҳо неъмат. Уни асраш йўлида ўз ҳаётини фидо қилган инсонларнинг жасорати эса ҳеч қачон унутилмайди.
Истиқлол айёми арафасида биринчилардан бўлиб уларнинг хотираси ёд этилиши зарур. Чунки Ватан тинч бўлсагина одамлар осойишта ҳаёт кечира олади. Байрам арафасида юртимизнинг турли ҳудудларида ана шундай қаҳрамонлар хотираси ёд этилиб, уларнинг оила аъзоларидан ҳол-аҳвол сўралмоқда.

Миллий гвардия Фахрийлар кенгаши ҳамда ҳудудий бошқармалар вакиллари томонидан ташкил этилаётган учрашувларда қаҳрамонларнинг яқинлари билан самимий суҳбатлар ўтказилмоқда. Тадбирлар давомида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларимизнинг қабрлари зиёрат қилиниб, хотиралари ёд этилди.

Айниқса, марҳум ҳарбий хизматчиларимизнинг ҳаёти, мардлиги, жасорати ва Ватан олдидаги беқиёс хизматлари акс эттирилган “Бизнинг қаҳрамонларимиз” номли китобнинг тақдим этилиши уларнинг оилалари учун бебаҳо хотира, фарзандлари учун эса ибрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
Бугун биз тинч ва осуда ҳаёт кечираётган эканмиз, бу неъматнинг қадрига етишимиз, уни асраш учун жон фидо қилган инсонларни эса унутмаслигимиз керак.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА