Халқимизнинг ҳақиқий қаҳрамон олимаси
Жаҳонда кечаётган воқеалар, жараёнлар шиддат билан ўзгармоқда.
Тинчлик, осуда ҳаёт, хавфсизлик, рўшнолик сингари тушунчаларнинг қадрига тобора кўпроқ етаяпмиз. Лекин инсон учун яна қандай тушунчалар ўзгармас бўлиб қолмоқда? Мукаммал инсон деганда кимни тушунмоқ керак?
Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли навоийшунос олима Суйима Ғаниеванинг ҳаёт йўли, фаолияти, инсонга бир марта ато этилувчи умрини бахшида этган ғоя ва мақсадлар ҳақида ўйлар эканман, бу саволларга жавоб топгандек бўламан.
Устоз Суйима опа Ғаниева ҳаёт бўлганида айни кунларда муборак тўқсон ёш билан тўқнашган бўлар эди. Қизиқ, ҳар гал олиманинг сўзларини тинглаганимда, унинг Навоийнинг ҳикматли ижодиёти бебаҳо мероси ҳақида тўлқинланиб гапирганларида ўзимни ҳамон ҳеч нимадан бехабарлигимни, ҳануз ўсмир-ўқувчи қиз бўлиб умрим ўтаётганини теранроқ англардим.
С.Ғаниева бутун умри давомида Алишер Навоий меросини ўрганиш, унинг ҳикматлари мағзини чақиш, асарларининг тарбиявий, маърифий аҳамиятини юртимиз ва хорижда тарғиб ва ташвиқ этиш билан фаол шуғулланди.
Манбаларга кўра, заҳматкаш олима 1932 йилда февраль ойи охирида Тошкент шаҳрида туғилган. 1952 йилда Ўрта Осиё давлат университети – ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаган. Устоз 1953-1956 йилларда Ленинград давлат университети аспирантурасида таълим олган.
Суйима опа меҳнат фаолиятини 1956 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти кичик илмий ходими сифатида бошлаган. Навоийшунос устозимиз ўша йили буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ижодига бағишланган номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Олима Каромат Муллахўжаеванинг фикрича, Суйима опа илмий фаолиятини Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”ини тадқиқ этишдан бошлаган. Суйима опа дастлаб бу тазкиранинг бир нечта мажлисини адабий-тарихий таҳлил асосида тадқиқ этди. Асарнинг танқидий матнини яратди, йиллар давомида бу асардаги кўплаб фиқраларни махсус текшириб чиқди.
Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис”да таъриф-тавсиф этган шоирлардан кўпчилигининг биографиясини тиклашга муваффақ бўлди. Форсий ва туркийда тазкира битган муаллифлар, уларнинг асарларини ўрганиш, янги асарлар, янги ижодкорлар биографиясини манбалар ёрдамида тиклашда, аввало, “Мажолис”га суянди. Бу асарнинг тадқиқи Навоий шахсини, унинг ижодий муҳитини ҳамда бошқа асарларини ўрганиши учун кенг йўл очди.
Устоз кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти илмий котиби, Тошкент давлат консерваториясида кафедра мудири, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори лавозимларида фаолият кўрсатган.
Манбаларда келтирилишича, Суйима опа Ғаниева ўз илмий фаолияти давомида яратган 14 та монография, 350 дан зиёд илмий-назарий мақолаларини мамлакатимиз ва халқаро илмий нашрларда чоп эттирган.
Йигирмадан ортиқ ўқув-методик қўлланмалари республика олий таълим муассасалари ўқув жараёнига татбиқ этилган. Устознинг «Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди», «Алишер Навоий ижодида миллий мафкура», «Навоий ғазалларида жўмардлик мотивлари», «Навоий васияти», «Навоий дастхати» каби сермазмун асарлари юртимиз ва чет эл адабиётшунослари томонидан илмий кашфиётлар сифатида эътироф этилган.
Суйима Ғаниева Алишер Навоийнинг узоқ йиллар давомида илм-фанга номаълум бўлиб келган “Муножот” асарини топиб, нашр эттирган. Олима 2011 йилда Алишер Навоийнинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлашда фаол иштирок этган.
Устоз хориждан Навоий меросига оид кўплаб маълумотларни ахтарди, топди, халқига тақдим этди. Маърифат йўлига фидойилик, садоқат, машаққатлардан чўчимаслик чиндан ҳам қаҳрамонликдир.
Суйима Ғаниева Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун» орденлари ва Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони билан мукофотланган.
Заҳматкаш олиманинг ҳаёти, илмий фаолияти ёшлар, олима қизлар учун чин маънода ибрат манбаидир.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири