Халқаро хотин-қизлар куни Жиззахда кенг нишонланмоқда
Жиззах воҳасининг барча шаҳар ва туманларида, идора, ташкилот, корхона, муассасаларида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланмоқда.
Байрамнинг асосий тантанали қисми эса вилоят ҳокимлиги анжуманлар саройида бўлиб ўтди
[gallery-22176]
Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев иштирок этиб, барча йиғилганларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этди.
– Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда вилоятимизнинг барча хотин-қизларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этаман. Жорий йилда бу айём муборак Рамазон ойида нишонланаётгани ҳам ўзгача маънога эга. Зотан, муқаддас Ислом дини ҳам аёлларни, оналарни, опа-сингилларни эъзозлаш ва қадрлашга чақиради, – деди Жиззах вилояти раҳбар ўз табрик сўзида
Ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, одамийлик, мардлик, олийжаноблик сари йўл кўрсатадиган, сабр-тоқат ва садоқат соҳибаси бўлган аёлнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Тўмарис, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Увайсий, Зулфияхоним, Саида Зуннуновадек буюк аёлларимиз жасорати халқимиз тарихини ёруғ нур каби ёритиб турибди.
Улуғ момоларимизга хос бўлган ноёб фазилатлар замонамиз аёллари сиймосида ҳам давом этаётганидан фахрланамиз.
Бугун юртимиз ва вилоятимизнинг шарафини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшаётган, ҳалол ва самарали меҳнатлари билан эътирофга сазовор бўлаётган хотин-қизлар сони тобора ортиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Жамиятимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилаётган давлат сиёсати натижасида давлат бошқаруви ва жамиятнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Тантанали тадбирда турли соҳаларда меҳнат қилаётган фаол хотин-қизлар эсдалик кўкрак нишонлари ва вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари