Халқаро ва минтақавий масалалар кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов жорий йилнинг 6 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва ШҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда Ташкилот фаолиятини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг бўлажак йиғилишлари кун тартиби ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.
[gallery-3040]
Шунингдек, 16-17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида ўтказиладиган саммит юзасидан ҳам қатор фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Йиғилишда, биз Ўзбекистон ва ШҲТ ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий ва туристик соҳаларга тегишли қатор ҳамкорлик алоқаларини муҳокама қилдик. Ташрифимнинг асосий мақсади – Душанбеда ўтказиладиган навбатдаги саммит билан боғлиқ. У ерда Ўзбекистон илгари сураётган 4 та муҳим ҳужжат имзоланади, – деди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов. – Мазкур саммит доирасида Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилади. Шунингдек, рақамли иқтисодиёт ва темир йўл соҳасини ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлар режаси тузилади.
Учрашув давомида 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференциясида ШҲТ делегациясининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА