Халқаро тажрибанинг ўрни борасидаги мулоқот
Республика ҳудудларидан иқтидорли ва истиқболли ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Шарипов Конгратбай билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендатлари ўртасида “Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида халқаро тажрибанинг ўрни” номли очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали дунёнинг нуфузли олийгоҳларида таълим олиб қайтган ва ҳозирда Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини олиб бораётган битирувчилар учун вазирликда офлайн кўринишида, дунёнинг ривожланган мамлакатларида таҳсил олаётган стипендиатлар учун онлайн кўринишда бўлиб ўтди.
Мулоқотда вазир ўринбосари Отабек Маҳкамов, жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавоҳир Аҳмедов ва жамғарма ходимлари, шунингдек, 50 нафар офлайн ва онлайн тарзда 300 нафардан ортиқ стипендиат иштирок этиб, ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Ушбу тадбир орқали стипендиатлар билан доимий мулоқот ўрнатиш кўзда тутилган бўлиб, олий таълим, фан ва инновациялар соҳасини такомиллаштириш бўйича хориж тажрибасини амалиётга жорий этишда таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.
Қ. Шарипов стипендиатларнинг истиқболли таклиф, режа ва ташаббусларини қўллаб қувватлашга тайёр эканлигини, уларнинг билим ва тажрибасидан фойдаланиш бугунги кун талаби эканини қайд этди. Стипендиатларнинг вазирликда амалиёт ўташлари учун тегишли шароитлар яратиб беришга тайёрлигини маълум қилди.

Шу билан бирга, учрашув давомида мазкур вазирликдан хорижда таълим олаётган Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотда бўладиган вакиллар бириктирилишига келишилди.
Қайд этилишича, Жамғарма стипендиатлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилинади ва ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА