Халқаро спорт алоқалари янги босқичда
Спорт соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ёшлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаш мақсадида Покистон Ислом Республикасининг нуфузли "Aitchison College" талабаларидан иборат делегация Тошкент вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Ташриф дастурининг илк кунида уларга мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантириш, ёшларни оммавий ва профессионал спортга кенг жалб этиш, замонавий спорт инфратузилмасини барпо этиш ҳамда халқаро спорт алоқаларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг делегация Тошкент вилояти спорт бошқармаси раҳбарияти ҳамроҳлигида Чирчиқ шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига ташриф буюрди.
Меҳмонлар мазкур марказда спортчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, ўқув-машғулот жараёнлари, илғор спорт иншоотлари ҳамда юқори малакали спортчиларни тайёрлаш тизими билан яқиндан танишди.

Учрашувлар чоғида томонлар спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ёш спортчилар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақаларни ташкил этиш, шунингдек, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, мазкур ташриф Ўзбекистон ва Покистон ўртасида спорт дипломатиясини янада мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат спорт ташкилотлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА.