Ёш гимнастикачилар ўз иқтидорларини намойиш этишди
Гимнастика — нафосат, аниқлик ва юксак маҳорат уйғунлашган спорт тури. Унда ҳар бир ҳаракатда нафақат жисмоний тайёргарлик, балки мусиқа оҳанги, ҳаракатлар мутаносиблиги ва саҳна маданияти ҳам намоён бўлади. Сирдарёда ўтказилган навбатдаги мусобақа эса ёш гимнастикачилар учун ўз маҳоратини синовдан ўтказиш ва янги тажриба орттириш майдони бўлди.
Сирдарё вилояти Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бадиий гимнастика бўйича Сирдарё вилояти кубоги мусобақаси ўтказилди.
Сирдарё вилояти спорт бошқармаси ҳамда вилоят Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган беллашувда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган ёш гимнастикачи қизлар иштирок этди.
[gallery-31082]
Мусобақа давомида иштирокчилар спортдаги маҳорати, жисмоний тайёргарлиги, ҳаракатлар аниқлиги ва саҳнада ўзини тутиши бўйича ўз иқтидорларини намойиш этдилар. Мураккаб элементларни маҳорат билан бажариш, ҳаракатларни мусиқа оҳангига уйғунлаштириш ва чиқишларни юқори даражада намойиш этиш учун ҳар бир спортчи бор кучини ишга солди.
Айниқса, ёш гимнастикачиларнинг иштиёқ ва қатъияти беллашувларга алоҳида руҳ бағишлади. Зеро, бадиий гимнастикада кичик бир ҳаракатнинг аниқ бажарилиши ҳам юқори натижа учун муҳим аҳамиятга эга.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, Сирдарё вилояти Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчилари жамоавий ҳисобда биринчи ўринни эгаллашди. Кейинги ўринлар Сардоба ва Ховос туманларининг ёш гимнастикачиларига насиб этди.
Мусобақа нафақат ғолибларни аниқлаш, балки ёш спортчиларнинг тажрибасини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва бадиий гимнастикага қизиқишни янада кенгайтириш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли бўлди.
Беллашувлар якунида юқори натижа қайд этган спортчилар ва жамоалар муносиб тақдирланди. Ёш гимнастикачиларга келгусидаги мусобақаларда янада юксак натижаларга эришиш, вилоят ва мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилишларида муваффақиятлар тиланди.
Бугун мусобақа майдонида ўз маҳоратини намойиш этган бу қизлар эртага катта спорт ареналарида Сирдарё шарафини ҳимоя қилиши мумкин. Энг муҳими, бундай беллашувлар уларга ўз имкониятларини синаб кўриш, камчиликларини англаш ва янги марралар сари интилишлари учун сабоқ бўлади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА