Халқаро сертификатларнинг муддатлари узайтирилди
"BMB Holding" корхоналарининг халқаро стандартларга мувофиқлиги навбатдаги текширувларда тасдиқланди. Натижада учта корхонанинг АҚШ FDA рўйхатидан ўтганлик сертификатлари 2027 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Хусусан, холдинг таркибидаги “BMB-Opera Zafferano”, “BMB Shifo” ҳамда “BMB Agro Plus” корхоналарининг мувофиқлик кўрсаткичлари қайта баҳоланди. Текширув жараёнида маҳсулот етиштириш ва қайта ишлашнинг барча босқичлари қамраб олинди.

Жумладан, агротехник парвариш, ҳосилни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш жараёнлари ўрганилди. Мутахассислар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ технологик занжирини белгиланган талаблар асосида баҳолади.

Якуний натижалар корхоналар фаолиятининг халқаро талабларга мувофиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Сертификатлар муддатининг узайтирилиши маҳсулотларнинг АҚШ бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири