“Халқаро қизлар куни” кенг нишонланди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида хотин-қизлар кенгаши томонидан “Халқаро қизлар куни” муносабати билан “Дунёни тинчлик ва эзгуликка илҳомлантирамиз!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда профессор-ўқитувчилар, фаол талабалар ва қизларнинг ота-оналари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан, 11 октябрь “Халқаро қизлар куни” деб эълон қилинган. Ушбу санани БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг турли тузилмалари кенг нишонлаши анъанага айланган. Шу куни дунё бўйлаб қизларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни кенгроқ ўрганиш тавсия этилади. Шунингдек, қизларнинг камситилиши бўйича оғриқли муаммолар тилга олинади. Халқаро Қизлар куни жамоатчилик эътиборини қизлар дуч келадиган муаммоларни ҳал қилишга қаратиши билан янада аҳамиятлидир.

Тадбирда сўзга чиққанлар барчани “Халқаро қизлар куни” билан самимий қутлаб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун яратилган кенг имкониятларга тўхталишди. Шунингдек, университетда хотин-қизлар кенгашининг фаолияти, иқтидорли қизлар эришаётган ютуқлар, қизларнинг фаоллигини ошириш, уларни илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида қайд этилди.

Тадбир давомида ўз фарзандларини таълим-тарбия жараёнида фаол қўллаб-қувватлаб келаётган бир гуруҳ қизларнинг ота-оналарига университет ректорати томонидан миннатдорлик хатлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири иқтидорли ёшлар томонидан тайёрланган ранг-баранг концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири