Халқаро конференцияда иқтисодиётнинг келажак йўналишлари белгилаб олинди
Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида “Инновацион иқтисодиётни шакллантириш ва бошқаришда барқарор ўсишга эришиш йўллари: тадбиркорлик, инновациялар, кичик ва ўрта бизнес истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли тадбирда хорижий ва маҳаллий олимлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари мутахассислари, шунингдек Олий бизнес мактаби профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчилари иштирок этди. Конференцияда АҚШ, Япония ва Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари ва йирик бизнес ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашди.
Тадбир Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва кичик ҳамда ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича, шунингдек Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти билан сунъий интеллект технологияларини тадбиркорлик соҳасига жорий этишга қаратилган ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросими билан бошланди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар доирасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш, иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга ошириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯИМдаги улушини 60 фоизга етказиш каби мақсадлар белгиланган.
Конференция иштирокчилари ушбу вазифаларни амалга оширишда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиш, стартап-экотизимни шакллантириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Тадбир доирасида инновацион тадбиркорликни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари, “яшил” иқтисодиёт ва замонавий технологияларни жорий этишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Конференциянинг пленар сессиясида “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ Бошқарув раиси А.Махаматов, Америка технологиялар университети ректори С.Ирандўст, Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти — JETROнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ю.Ичиносе, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти вакиллари, шунингдек Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси мутахассислари иштирок этди.
Спикерлар ўз маърузаларида инновацион иқтисодиётни шакллантириш, университетларнинг илмий-инновацион салоҳиятини ошириш, рақамли технологияларни иқтисодиёт тармоқларига татбиқ этиш, стартап лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари юзасидан фикр билдирди.
— Мазкур халқаро илмий-амалий конференциянинг асосий мақсади инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий технологияларни иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди, – дейди “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ Бошқарув раиси А.Махаматов. – Айниқса, тадбиркорлик субъектларини молиявий ва номолиявий қўллаб-қувватлаш, стартап-экотизимни ривожлантириш ва сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Аввало, қулай бизнес муҳитини шакллантириш, тадбиркорларни молиявий ресурслар билан таъминлаш ва замонавий билим ҳамда технологияларга эга кадрларни тайёрлаш муҳим ҳисобланади. Шу билан бирга, рақамли ечимлар ва инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш орқали кичик бизнеснинг рақобатбардошлигини ошириш мумкин. Бугунги кунда давлатимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг имкониятлар яратилмоқда. Компаниямиз томонидан кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида молиявий кафолатлар, компенсация механизмлари ва консалтинг хизматлари тақдим этилмоқда.
Шунингдек, тадбиркорларнинг инвестиция жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги бизнес лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳам амалий кўмак берилмоқда. Ушбу меморандумлар тадбиркорлик соҳасида инновацион ёндашувларни кенгайтириш, илмий муассасалар ва бизнес субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, сунъий интеллект технологияларини кичик бизнес фаолиятига жорий этиш, рақамли трансформация жараёнларини тезлаштириш ва инновацион стартапларни қўллаб-қувватлашда бу ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Олдимизда турган асосий вазифалардан бири — мамлакатимизда инновацион тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ва кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги улушини оширишдан иборат. Шу мақсадда халқаро тажрибани ўрганиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларини изчил давом эттирамиз.
[gallery-29468]
Шунингдек, IT Park Ventures вакиллари мамлакатимизда стартап-экотизимнинг бугунги ҳолати, унинг ривожланиш истиқболлари ва венчур инвестицияларини кенг жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Конференция якунида иштирокчилар ўртасида фикр алмашинуви ва савол-жавоблар ташкил этилди. Тадбир инновацион тадбиркорлик, барқарор иқтисодий тараққиёт, “яшил” технологиялар ва кичик бизнесни замонавий молиялаштириш механизмларига бағишланган секция йиғилишлари билан давом эттирилди.
Маълум қилинишича, конференция якунлари бўйича олимлар, тадқиқотчилар ва магистрантларнинг илмий ишлари тўплами нашр этилади ҳамда унда илгари сурилган таклиф ва тавсиялар тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилади.
Шаҳноза Маматуропова,
Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА