Халқаро иқтисодий форумидаги маданий дастур Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги янги ёндашувини намоён этади
Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми анъанавий равишда глобал иқтисодиёт, инвестициялар ва геосиёсий жараёнлар муҳокама қилинадиган нуфузли майдон сифатида эътироф этилади, бироқ сўнгги йилларда мазкур платформа фақат иқтисодий масалалар билан чекланиб қолмай, давлатларнинг “юмшоқ куч” салоҳиятини намоён этиш имкониятини ҳам яратмоқда. Айниқса, маданий дипломатия форумнинг муҳим таркибий қисмига айланиб, мамлакатларнинг халқаро майдондаги имижи ва таъсирини мустаҳкамлаш воситаси сифатида намоён бўлмоқда.
Тошкент давлат Шарқшунослик университети мустақил изланувчиси Лобар Хушназарова таҳлилларига кўра, Бу йилги форум доирасида Ўзбекистоннинг кенг қамровли маданий дастур билан иштирок этаётгани халқаро экспертлар томонидан муҳим стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда, чунки бугунги мураккаб геосиёсий шароитда иқтисодий манфаатлар билан бир қаторда маданий таъсир ва халқлар ўртасидаги ишонч ҳам давлатлар ташқи сиёсатининг муҳим омилига айланмоқда.
Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, бу йилги форумда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 20 минг иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Давлат раҳбарлари ва юқори даражадаги сиёсий арбобларнинг иштироки форумнинг халқаро аҳамиятини янада ошириради. Улар орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиши ҳам алоҳида эътибор марказида турибди. Бу нафақат мамлакатимиз ташқи сиёсатининг фаоллигини, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги сиёсий ва маданий нуфузи ортиб бораётганини ҳам кўрсатади.
Бугунги кунда маданий дипломатия давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг муҳим элементига айланди. Дунёда зиддиятлар кучайиб, иқтисодий ва сиёсий рақобат янги босқичга чиқаётган шароитда айнан маданият халқлар ўртасидаги мулоқотни сақлаб қолувчи кўприк вазифасини бажармоқда. Санъат, мусиқа, адабиёт ва тарихий мерос мамлакатларни бир-бирига яқинлаштириб, ҳар қандай сиёсий келишмовчиликлар ортида умуминсоний қадриятлар мавжудлигини эслатади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Петербург форуми доирасидаги “Петербург мавсумлари” маданий фестивали алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан тақдим этилаётган дастур мамлакатнинг халқаро маданий макондаги иштироки янги босқичга кўтарилганини намоён қилмоқда.
Дастурнинг марказий воқеаларидан бири Давлат Эрмитажи билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Сарой хоналарини очиб: Бухоро амири саройидаги санъат” кўргазмаси ҳисобланади. Ушбу лойиҳа нафақат музей экспозицияси, балки Ўзбекистоннинг бой давлатчилик анъаналари, сарой маданияти ва бадиий меросини жаҳон жамоатчилигига тақдим этиш имкониятидир.
Кўргазмада Бухоро давлат музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейи фондларидан олинган ноёб экспонатлар намойиш этилади. Заргарлик буюмлари, амалий санъат намуналари ва тарихий ашёлар Марказий Осиё цивилизациясининг юқори даражада ривожланган маданий муҳитини акс эттиради.
Лойиҳанинг аҳамияти фақат экспонатлар билан чекланмайди. Унинг доирасида илмий анжуманлар, маърузалар, семинарлар, анъанавий мусиқа кечалари ва маҳорат дарслари ташкил этилиши режалаштирилган. Бу эса маданий меросни намойиш қилиш билан бир қаторда академик ҳамкорлик ва илмий мулоқот учун ҳам янги имкониятлар яратади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон бу гал ўз маданий меросини фақат кўргазма сифатида эмас, балки халқаро гуманитар ҳамкорликнинг муҳим қисми сифатида тақдим этмоқда. Бу мамлакатнинг ташқи сиёсатда маданий дипломатияга тобора катта аҳамият қаратаётганини ва уни стратегик восита сифатида қўллаётганини кўрсатади.
Демак, ПХИФ-2026 доирасидаги Ўзбекистон маданий дастури оддий фестиваль ёки кўргазмалар мажмуаси эмас. У мамлакатнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш, миллий маданий меросни глобал аудиторияга етказиш ва давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни кучайтиришга хизмат қилувчи муҳим дипломатик механизм вазифасини бажармоқда.
Темур мероси ва маданий таъсир кучи
Замонавий халқаро муносабатларда давлатларнинг таъсири фақат иқтисодий қудрат ёки сиёсий имкониятлар билан белгиланмайди. Миллий маданият, тарихий мерос ва гуманитар алоқалар ҳам мамлакат нуфузини шакллантирувчи муҳим омилга айланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон томонидан тақдим этилаётган маданий дастур муҳим ташаббус сифатида баҳоланиши мумкин.
Бу борадаги энг муҳим йўналишлардан бири Фаберже музейида ташкил этилаётган “Ердаги муҳаббат ва осмондаги муҳаббат. Владимир ва Константин Маковскийлар” кўргазмасида Ўзбекистоннинг иштироки ҳисобланади. Мазкур лойиҳа турли мамлакатлардаги 25 дан ортиқ музей коллекцияларини бирлаштириб, халқаро музей ҳамкорлигининг йирик намунаси сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон Давлат санъат музейи фондларидан тақдим этилаётган тўққизта ноёб экспонат нафақат миллий маданий бойликларни намойиш этади, балки мамлакат музей мактаби халқаро даражада эътироф этилаётганини ҳам кўрсатади. Бу жараён Ўзбекистон маданий меросининг жаҳон музей майдонига тобора чуқур интеграциялашаётганидан далолат беради.
Экспертлар таъкидлаганидек, бугунги кунда музей дипломатияси маданий дипломатиянинг энг самарали йўналишларидан бири ҳисобланади, чунки музейлар орқали халқларнинг тарихи, қадриятлари ва цивилизацион тажрибаси ҳақида ишончли тасаввур шаклланади. Ўзбекистоннинг халқаро музей лойиҳаларидаги иштироки эса мамлакат ҳақидаги тасаввурларни бойитишга хизмат қилмоқда.
Петербург форуми доирасидаги маданий дастурнинг яна бир муҳим воқеаси Мариинский театри саҳнасида намойиш этиладиган Георг Фридрих Гендельнинг “Тамерлан” операси бўлади. Ушбу спектакль маданиятлар мулоқоти ва тарихий меросни замонавий талқин қилишнинг ёрқин намунасидир.
Асарнинг асосий қаҳрамони сифатида Амир Темур шахси танлангани алоҳида аҳамиятга эга. Чунки Амир Темур нафақат Ўзбекистон давлатчилиги тарихида, балки бутун Евроосиё цивилизацияси ривожида муҳим ўрин тутган тарихий шахс ҳисобланади. Унинг образи орқали жаҳон томошабини Марказий Осиёнинг бой тарихи ва маданий мероси билан яна бир бор танишиш имкониятига эга бўлади.
Спектаклнинг ўзига хослиги шундаки, унда Европа барокко анъаналари ўзбек миллий мусиқа маданияти билан уйғунлаштирилган. Гендель мусиқасига миллий чолғуларнинг қўшилиши нафақат янги бадиий ечимни яратган, балки турли цивилизациялар ўртасидаги маданий мулоқотнинг рамзига айланган.
Лойиҳада Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиёзов, актриса Юлдуз Ражабова, шунингдек миллий хор ва халқ чолғу асбоблари жамоаларининг иштирок этиши мамлакат ижодий салоҳиятини халқаро аудиторияга намоён этади. 160 дан ортиқ ижодкор жалб этилган мазкур саҳна асари форумнинг энг йирик маданий воқеаларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Асосий эътиборга молик жиҳат шундаки, Ўзбекистон Петербургда ўзини фақат иқтисодий шерик сифатида эмас, балки бой маданий меросга эга давлат сифатида ҳам намоён этмоқда. Бу мамлакат ташқи сиёсатининг муҳим хусусиятларидан бирига айланиб бормоқда, чунки замонавий дунёда давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашда маданият кўпинча сиёсат ва иқтисодиётдан ҳам самарали восита бўлиб хизмат қилади.
ПХИФ доирасидаги маданий ташаббуслар яна бир муҳим ҳақиқатни кўрсатмоқда: Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг фаол иштирокчиси сифатида нафақат иқтисодий, балки гуманитар кун тартибини ҳам шакллантиришга интилаётир. Бу эса мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ва таъсир доираси кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Хулоса қилиб айтганда, Петербург халқаро иқтисодий форумидаги маданий дастур Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги янги ёндашувини намоён этмоқда. Унда миллий маданият иқтисодий дипломатияни тўлдирувчи восита эмас, балки мамлакат манфаатларини илгари суришнинг мустақил ва таъсирчан механизми сифатида кўринмоқда. Шу маънода Петербургда намойиш этилаётган кўргазмалар ва саҳна асарлари нафақат маданий тадбир, балки Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи стратегик дипломатик ресурс сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Мусулмон Зиё, ЎзА