Халқаро илмий анжуман: қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокамада
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда инновацион агротехнологиялар ва чорвачиликнинг глобал интеграцияси” мавзусидаги халқаро илмий, илмий-техник анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари, соҳа мутахассислари, юртимиздаги қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, хорижлик олимлар, тадқиқотчи ва иқтидорли талабалар иштирок этди.
Анжуманни институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Муроджон Атажанов очиб, бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини илмий асосда ривожлантириш, инновацион агротехнологияларни амалиётга татбиқ этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, ўтказилаётган ушбу халқаро анжуман ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш учун илмий мулоқот майдонига айланишини таъкидлади.


Анжуманнинг ялпи мажлисида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим ва илмий муассасалари вакиллари табрик ва илмий маърузалари билан иштирок этди. Жумладан, Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокими, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Соҳиб Исломов, Латвия Ҳаёт фанлари ва технологиялари университети профессори Ирина Кулитане, Корея Республикаси Кёнгсонг миллий университети профессори Парк Жангсик, Қирғиз-Туркия Манас университети ветеринария факультети декани Исмаил Сен, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти профессори Гулчеҳра Ўринбоева, Тожикистон Аграр университети профессори Шоаҳмат Мирзааҳматов ва бошқа олимларнинг маърузалари тингланди.
Маърузаларда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, замонавий инновацион агротехнологияларни амалиётга жорий этиш, чорвачилик соҳасидаги илғор ёндашувлар ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари хусусида сўз юритилди, бу борадаги ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.


– Глобал миқёсда табиий ресурслар камайиб бораётган бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ривожига илмий ёндашиш, шу жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш инсоният олдида турган энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади, – дейди Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти профессори Зокиржон Бостонов. – Бу борадаги илмий изланишлар, халқаро ҳамкорлик, албатта, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ижобий натижаларга эришишга кенг йўл очиб беради.
Кунинг иккинчи ярмида анжуман ўз ишини “Иқлим ўзгаришлари шароитида аграр соҳани инновацион ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигини такомиллаштириш”, “Барқарор қишлоқ хўжалиги ва экологик хавфсизлик”, “Барқарор қишлоқ хўжалиги – интеграция ва инновация”, “Инновацион технологиялар ва энергия самарадорлиги”, “Инновацион агротехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги”, “Чорвачилик ва ветеринарияда инновацион ёндашувлар” деб номланган шўъба йўналишида давом этди.
Мулоқотларда иқлим ўзгаришлари шароитида аграр соҳани инновацион ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигини такомиллаштириш, юқори ҳосилли навларни яратиш, доривор ҳамда ўрмон биоресурсларидан барқарор фойдаланиш, шунингдек, замонавий агротехнологияларни жорий этишнинг илмий-амалий асослари каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, анжуманда мамлакатимиз олимлари билан бир қаторда Жанубий Корея, Туркия, Латвия, Қирғизистон, Тожикистон каби 10 га яқин мамлакатнинг олим ва мутахассислар онлайн ва офлайн тарзда иштирок этиб, ўзларининг мавзу доирасидаги тажрибалари билан ўртоқлашганлиги тадбирнинг нуфузини янада оширди. Шу билан бирга профессорлар, малакали мутахассислар томонидан тақдимотлар, маҳорат дарслари ҳам ўтказилди.
Ҳар жиҳатдан самарали ва фойдали ўтган мазкур илмий анжуман барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, инновацион агротехнологияларни амалиётга татбиқ этиш йўналишидаги ишлар самарадорлигини оширишга, олим ва мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашиши, билим ва малакаларини юксалтиришга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири