Хорижда олинган билимлар юрт равнақига қандай хизмат қилади?
Халқаро таълим дастурлари мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий билим ва тажриба орттириш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
“Chevening” стипендия дастури ҳам ана шундай имкониятлардан биридир. Мазкур дастур асосида турли мамлакатлардан иқтидорли ва етакчилик қобилиятига эга номзодлар Буюк Британия университетларида магистратура босқичида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади.
Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси “Chevening” дастури координатори Ширинхон Тошхўжаева билан суҳбатимиз ушбу дастурининг мақсад ва имкониятлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ҳамда ариза топшириш жараёни ҳақида бўлди.
– Аввало, “Chevening” дастурининг асосий мақсади ва халқаро таълим тизимидаги ўрни ҳақида маълумот берсангиз. Ушбу дастур кимлар учун мўлжалланган?
– “Chevening” Буюк Британия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган халқаро стипендия дастури бўлиб, у дунёнинг 160 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларидаги иқтидорли, етакчилик қобилиятига эга мутахассисларга Буюк Британияда магистратура босқичида таҳсил олиш имконини беради. Дастур Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт ишлари вазирлиги томонидан молиялаштирилади.
Унинг асосий мақсади эса истиқболли мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг халқаро тажрибасини ошириш ҳамда келгусида ўз мамлакатларида ижобий ўзгаришларга ҳисса қўшиши учун имконият яратишдан иборат. Дастур турли соҳаларда фаолият юритаётган, касбий ривожланишга интилувчи ва етакчилик салоҳиятига эга номзодлар учун мўлжалланган.
Дастурнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у нафақат таълим харажатларини қоплашни, балки стипендиатларнинг касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутади.
– Дастур иштирокчилари учун қандай молиявий имкониятлар яратилган? Стипендия қайси харажатларни қоплайди?
– Дастурининг муҳим афзалликларидан бири эса стипендиатларнинг Буюк Британияда таҳсил олиши билан боғлиқ асосий харажатларини қоплашидир. Жумладан, дастур доирасида университетдаги ўқиш тўлови, Буюк Британияга бориш ва қайтиш авиачипталари, мамлакатда яшаш даври учун ойлик стипендия ҳамда белгиланган шартлар асосида бошқа зарур харажатлар қопланади.
Бу эса номзодларга молиявий масалалардан кўра, кўпроқ таълим олиш, танлаган соҳасини чуқур ўрганиш ва янги касбий алоқалар ўрнатишга эътибор қаратиш имконини беради. Шу билан бирга, молиялаштириш шартлари танланган таълим дастури ва “Chevening” стипендиясининг амалдаги қоидаларига мувофиқ белгиланади.
– Стипендияга ҳужжат топшириш учун номзодлар қандай талабларга жавоб бериши керак? Ёш бўйича чеклов мавжудми?
– Дастурга ариза топшириш учун номзод, аввало, бакалавр даражасига эга бўлиши ва бакалавриатни тугатгандан кейин камида икки йиллик иш тажрибасини тўплаган бўлиши керак. Шунингдек, номзоднинг инглиз тилини билиш даражаси, касбий тажрибаси, етакчилик қобилияти ва келгусидаги мақсадлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Дастурда ёш бўйича юқори чегара белгиланмаган. Шу сабабли, ўз касбида ривожланишни мақсад қилган ва белгиланган мезонларга жавоб берадиган мутахассислар турли ёшда ариза топширишлари мумкин. Энг муҳими, номзод ўзининг билим ва тажрибаси, етакчилик салоҳияти ҳамда келгусидаги режаларини асослаб бера олиши лозим.
– Буюк Британия университетларида магистратуранинг бир йил давом этиши стипендиатлар учун қандай афзалликлар беради?
– Буюк Британия университетларининг кўпчилигида магистратура дастурлари бир йиллик шаклда ташкил этилган. Бу стипендиатларга нисбатан қисқа муддатда чуқурлаштирилган билим олиш, халқаро академик муҳитда тажриба орттириш ва магистрлик даражасини қўлга киритиш имконини беради.
Бир йиллик таълим дастури мутахассисларнинг ўз мамлакатидан узоқда бўлиш муддатини ҳам қисқартиради. Натижада улар янги билим ва кўникмалар билан юртига қайтиб, ўз соҳасидаги фаолиятини янада самарали давом эттиришлари мумкин. Бундан ташқари, халқаро таълим муҳитида орттирилган тажриба уларнинг касбий дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади.
– Битирувчиларининг ўз мамлакатига қайтиши ва орттирган тажрибасини амалиётда қўллаши қандай аҳамиятга эга? Дастурга қизиққан номзодларга қандай тавсия берган бўлардингиз?
– Дастурининг муҳим тамойилларидан бири эса стипендиатларнинг Буюк Британиядаги таълимдан сўнг ўз мамлакатларига қайтиб, орттирган билим ва кўникмаларини амалиётда қўллашидир. Дастур шартларига мувофиқ, стипендиатлар ўқишни тугатгач, ўз юртига қайтиши ва камида икки йил давомида шу ерда фаолият юритиши керак.
Ўзбекистонда ҳам дастурнинг кўп йиллик тарихи мавжуд. 1994 йилдан буён юртимиздан кўплаб мутахассислар ушбу имкониятдан фойдаланиб келмоқда. Бугунги кунда улар турли соҳаларда фаолият юритиб, ўз билим ва тажрибаси билан мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшмоқда.
Дастурга қизиққан номзодларга тавсия ариза топшириш талабларини олдиндан диққат билан ўрганиш, ўз касбий мақсадларини аниқ белгилаш ва ҳужжатларни пухта тайёрлашдир. Шунингдек, танланган магистратура йўналиши келгусидаги фаолият билан қандай боғлиқ эканини аниқ асослаб бериш муҳим. Бу нафақат хорижда таълим олиш, балки халқаро тажриба орттириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ўз мамлакатининг ривожига ҳисса қўшиш учун ҳам катта имкониятдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.