Халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Сарҳисоб
Мамлакатимиз олий таълим тизимида кейинги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Олий таълим даргоҳларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда, айниқса, ўқитиш, малакали мутахассислар тайёрлаш соҳасига халқаро тартиб ва меъёрларни жорий этиш, ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бу борада Андижон давлат тиббиёт институтида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Институтимиз Жанубий Кореянинг Миллий транспорт университети билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк бор парамедицина йўналишида 3+1 форматида ҳамкорликни йўлга қўйди. Бундан ташқари, Россия Федерацияси Приволжский номидаги тиббий тадқиқот университети билан стоматология (юз-жағ жарроҳлиги), стоматология (жарроҳлик стоматологияси) клиник ординатура йўналиши бўйича (1+1), Германиянинг Росток университети билан “Тиббий биотехнологияси” магистратура йўналишида (1+1) форматда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилганлиги ҳам институтдаги ўқитишнинг халқаро даражага кўтариш, хорижий ҳамкорлик борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Андижон давлат тиббиёт институтининг Ҳиндистон давлатида 3 та, Жанубий Кореяда 1 та ваколатли офиси очилди. Бу албатта, институтга хорижлик талабаларни жалб этиш ва абитуриентларни қизиқтирган саволларга шу давлатларнинг ўзида тўлиқ жавоб олишларига имкон беради.
Ўзбекистон – Германия биринчи тиббиёт форуми доирасида Германия ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ) билан Уроонкология соҳалари бўйича мутахассислар малакасини ошириш, биргаликда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, умуман, мазкур соҳадаги қатор долзарб масалаларни биргаликда ҳал этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу меморандум асосидаги ҳамкорлик мутахассисларимизнинг илғор, хорижий тажрибаларни ўрганишига ёрдам беради.
Биргина ўтган 2023 йилнинг ўзида институтимизда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ташриф буюрган мутахассислар иштирокида тиббиётнинг турли соҳа ва йўналишларидаги долзарб муаммолар, уларни ҳал этиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига бағишланган 40 га яқин халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Институтмизга хорижлик мутахассисларни жалб этган ҳолда маъруза ва амалий машғулотлар ўтилишини йўлга қўйиш бўйича ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. 2023 йилда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Беларусь, Украина, Исроил, Озарбайжон, Туркия давлатларидан 43 нафар хорижий мутахассис, профессор институтимизда бўлди. Улар томонидан талабалар, магистрант ва мутахассислар учун дарслар, маърузалар, амалий машғулот ва маҳорат дарслари ўтказилди. Хорижлик 8 нафар мутахассис қисқа муддатли соатбай асосида ишга қабул қилиб, институтимиз билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйди.
Институтимиз профессор-ўқитувчилари, мутахассисларини хорижий олий ўқув юртлари, тиббиёт марказларида тажриба ва малакасини ошириш масаласи ҳам доимий диққат-эътиборимизда бўлмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 58 нафар профессор-ўқитувчи Канада, Россия, Германия, Беларусь, Туркия, Латвия, Хитой, Корея сингари ўндан ортиқ давлатларда бўлиб, малака ва тажриба ошириб қайтди.
Институтимиз олимлари турли халқаро танлов, форум ва илмий анжуманларда ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Масалан, Биологик кимё кафедраси мудири, кимё фанлари доктори И.Maматова Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил қилинган “Ёш олимларнинг етакчи илмий ташкилотлардаги қисқа муддатли илмий стажировкалари” танловида ғолиб бўлиб, ўз йўналиши бўйича дунё рейтингида топ-300 талик олий таълим муассасалари қаторига кирувчи Канада давлатининг Лавал университети Иммунология ва микробиология кафедрасида профессор Жеан Севигней билан ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
Врачлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Акушерлик ва гинекология кафедраси таянч докторанти Д.Эгамбердиева эса илмий ишларини ривожлантириш мақсадида Урал давлат тиббиёт университетида қисқа муддатли стажировка ўтаб келди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ўтказилган стипендия танловида ғолиб бўлган 2-Фармацевтик фанлари кафедраси мудири вазифасини бажарувчи A.Пазлиддинов Буюк Британиянинг “Glasgow Strathclyde” университетида “Advaced Pharmacology” (илғор-замонавий фармакология) йўналишида ўз илмий ишини олиб бориш имконини қўлга киритди.
Институтда халқаро тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари иштирокида ташкил этилган “Pearl of valley” (Водий гавҳари) ёзги ўқув мактабининг 2023 йилги машғулотларига ҳар йилдагиданда кўпроқ хорижлик талабалар ташриф буюрди. Корея, Беларусь, Қирғизистон давлатларидан келган ҳамда юртимиз талабалари қатнашган ёзги ўқув мактаби машғулотлари талабаларнинг назарий билимларини амалиётда янада мустаҳкамлаш имконини берди.
Шунингдек, институтимиз талабаларининг халқаро миқёсда эришган ютуқларини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринли. Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Халқаро тиббиёт мактабининг 20 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро талабалар олимпиадасида бир гуруҳ талабаларимиз ўз йўналишлари бўйича фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Бундан ташқари, 5 нафар талабамиз Президент ва бошқа номдор давлат стипедияларига сазовор бўлди.
Талабаларимиз нафақат илм-фанда, балки халқаро спорт майдонларида ҳам қатор ютуқларни қўлга киритиб, юртимиз байроғини юксакка кўтармоқда. Хитойнинг Ҳангжоу шаҳрида бўлиб ўтган Параосиё ўйинлари сузиш баҳсларида Даволаш факультети талабаси Музаффар Турсунхўжаев 100 метр масофага баттерфлай усулида сузиш бўйича 1 та олтин, 2 та кумуш медалига сазовор бўлди.
[gallery-15503]
Жамоамизнинг ўтган йили эришган ана шу ютуқ ва натижалари, албатта, бизни қувонтиради. Лекин биз жорий йилда янада юксак марраларни кўзлаганмиз. Ишонч билан айта оламанки, ҳамжиҳат жамоамиз, талабаларимиз “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ҳам янада юқори ютуқ ва натижаларга эришади. Ана шу мақсад, қолаверса, юртимиз равнақи, аҳоли саломатлигини сақлаш ва илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Мадаминжон Мадазимов,
Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор.
ЎзА