Боёвутда «INFOLIB–2026» ҳафталигига старт берилди
Боёвут тумани Ахборот-кутубхона марказида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, мутолаага бўлган қизиқишни ошириш ҳамда китобнинг инсон камолотидаги беқиёс ўрнини кенг тарғиб этишга қаратилган «INFOLIB–2026» XV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигига старт берилди.
Унда туман фаоллари, ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари, китобхонлар, ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг билим олишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, китоб инсоннинг маънавий оламини бойитади, тафаккурини чархлайди, мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантиради. Шу боис ёшларни мутолаага кенг жалб этиш, уларнинг китобга меҳрини ошириш ва кутубхоналар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

— «INFOLIB–2026» миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида китобхонликни оммалаштириш, аҳолининг китобга бўлган қизиқишини янада ошириш, ёшларнинг мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган турли маънавий-маърифий тадбирлар, китоб тақдимотлари, ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ва танловлар ташкил этилиши режалаштирилган. Бу эса китобхонларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш, уларни мутолаа оламига янада кенг жалб этишга хизмат қилади, — дейди туман Ахборот-кутубхона маркази библиография хизмати ходими Ойдиной Эшказакова.

Шунингдек, ҳафталик давомида ахборот-кутубхона хизматларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, китоб фондларини бойитиш, электрон ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва китобхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Муҳими, китобхонлик инсон маънавиятини бойитиш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтиришнинг муҳим омилидир. «INFOLIB–2026» XV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида ташкил этиладиган тадбирлар Боёвут туманида мутолаа маданиятини янада ривожлантириш, ёшларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш ҳамда жамиятда маърифат ва зиёга асосланган муҳитни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири