Халқаро битимлар амалиётда мустаҳкамланди
Беларусь Республикасининг Минск шаҳрида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов ҳам иштирок этди.
Учрашувда икки ҳудуд ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида вилоят ҳокими Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, стратегик шериклик мақомига эга бўлганини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли савдо-иқтисодий, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб, амалий босқичга ўтгани қайд этилди.
Учрашувда томонларнинг экспорт ва импорт имкониятлари алоҳида кўриб чиқилди. Минск вилояти Фарғонага озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, уруғлар, кўчатлар, мебеллар, ёғочсозлик маҳсулотлари ҳамда ўт ўчириш техникаларини етказиб беришга тайёрлигини билдирди. Фарғона вилояти эса Минск ҳудудига янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавотлар ҳамда енгил саноат учун зарур бўлган хомашёларни экспорт қилишдан манфаатдор. Мулоқот давомида Минск вилоятида чорвачилик тармоғини ташкил қилиш, мебелчилик, машинасозлик, энергия самарадорлиги йўналишларидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифлари билдирилди.
Учрашув доирасида икки ҳудуд ўртасида телекўприк ташкил этилиб, инвестициявий лойиҳаларга старт берилди.
Хусусан, Фарғона вилоятининг Данғара туманида ғўзапоядан ёқилғи гранулалари (пеллет) ишлаб чиқарувчи завод қурилишига илк тамал тоши қўйилди. Бувайда туманида эса Беларусь ёғоч-тахта маҳсулотлари йирик омборининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Учрашув якунида Фарғона ва Минск вилоятлари ўртасидаги биродарлик муносабатларини изчил ривожлантириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга мўлжалланган 2026-2028 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси» имзолангани ҳақида Фарғона вилояти хокимлиги ахборот хизмати хабар берган.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА