Энергетика соҳасида самарадорлик ошди
Давлат дастури доирасида
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йил – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастурига мувофиқ мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлган энергетика соҳасини ривожлантириш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Белгиланган вазифаларнинг босқичма-босқич ижро этилиши натижасида соҳада муҳим амалий натижаларга эришилмоқда.
Хусусан, 2026–2030 йилларга мўлжалланган Энергия самарадорлигини ошириш миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларида энергия сарфини камайтириш, энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда соҳада иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган.
Стратегиянинг амалга оширилиши 2030 йилга бориб мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, давлат бюджети ва иқтисодиёт тармоқларида энергия харажатларини оптималлаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўналишида ҳам муҳим ишлар амалга оширилди. Жумладан, республика ҳудудларида кичик ва микро гидроэлектрстанцияларни ўрнатиш ҳамда барпо этиш бўйича 1 900 та лойиҳа аукцион савдоларига чиқарилди. Бу эса энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб этиш, ҳудудларнинг мавжуд гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Давлат дастурини амалга ошириш жараёнида янги энергетика қувватларини ишга тушириш борасида ҳам аниқ натижаларга эришилди. Хусусан, Қашқадарё вилоятида қуввати 7,5 МВт бўлган “Чаппасуй” ва 10,3 МВт бўлган “Тамшуш”, Наманган вилоятида қуввати 5 МВт бўлган “Бешқўрғон”, шунингдек, Жанубий Фарғона каналида қуввати 6,9 МВт бўлган ЖФК-3 гидроэлектрстанциялари ишга туширилди. Ушбу объектларнинг умумий қуввати 29,7 МВт.ни ташкил этиб, мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ва энергия таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Энергетика тармоғини ривожлантириш ва энергия ишлаб чиқариш манбаларини диверсификация қилиш мақсадида атом энергетикаси йўналишида ҳам муҳим амалий қадамлар қўйилди. Хусусан, кичик қувватли атом электр станциясини (АЭС) лойиҳалаштириш, етказиб бериш ва қуриш бўйича шартномага қўшимча битим имзоланди ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилди. Шунингдек, АЭС энергоблокларини жойлаштириш учун майдончадан фойдаланишга рухсатнома берилди. Мазкур чора-тадбирлар атом энергетикаси соҳасидаги лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни шакллантириш, мамлакат энергия ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ҳамда тизим барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва янги қувватларни барпо этиш билан бир қаторда, тармоқда инсон капиталини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ёқилғи-энергетика соҳаси ходимларини ҳар уч йилда камида бир марта қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини жорий этиш бўйича давлат таълим талаблари тасдиқланди. Мазкур чора-тадбир соҳа мутахассисларининг касбий салоҳиятини юксалтириш, замонавий технологияларни самарали қўллаш ва ишлаб чиқариш жараёнларида меҳнат унумдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Умуман олганда, Давлат дастури доирасида энергетика соҳасида эришилган ушбу натижалар мамлакатнинг энергетика мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш, инвестициявий фаолликни оширишга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Рамзидин НУРИДДИНОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси.
ЎзА