Халқ ва армия бир тану бир жондир
Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида “Ҳарбий ватанпарвар ойлиги” муносабати билан худди шу шиор остида ҳарбийлар иштирокида маънавий-маърифий, бадиий байрам тадбирлари, кечалар, давра суҳбатлари ва учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Фориш туманидаги Амир Темур номли 5-сонли умумтаълим мактаби билан Фориш тоғ ўқув ҳарбий полигонида жойлашган “н” ҳарбий қисм ўртасида кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳарбий қисм офицерлари тез-тез мактабда бўлиб, ўқувчилар билан турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Полигон офицерларининг ташаббуси билан мактабда “Бизнинг фахримиз” ҳарбий бурчаги ташкил этилди. “Н” ҳарбий қисм командири ўринбосари майор Ҳусан Солиев мактабда бўлиб, ўқувчиларга Ватанимизнинг мудофаа қудрати, унинг босиб ўтган шонли йўли ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Зомин туман кенгаши ташаббуси билан эса тумандаги 31-сонли умумий ўрта таълим мактабида бошланғич ташкилоти томонидан 5 та муҳум ташаббусни ўзида мужассам қилган ҳолда “Қадриятни қадрлаган юрт фарзандлари” номли тадбир ташкил этилди. “Ҳарбий ватанпарвар ойлиги” доирасида уюштирилган тадбир давомида ўқувчи-ёшлар ва шу ҳудудда жойлашган “н” ҳарбий қисм офицер, сержант ва аскарлари билан давра суҳбати ташкил этилди. “Халқ ва армия – бир тану бир жон” шиори остида ўтган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга ҳарбий қисм офицер ва сержантларидан батафсил жавоблар олди.

Тадбир сўнгида ҳарбий қисм хизматчилари ҳарбий қурол-аслаҳалар ҳамда ҳарбий техникалар билан ўқувчи-ёшларни яқиндан таништирди. Жиззах шаҳридаги Мустақиллик майдонида “Ўзбекистон ёшлари форуми-2021” ҳафталигининг якуний қисми бўлиб ўтди. Унда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий оркестр ва Темурбеклар мактаби ўқувчиларининг чиқишлари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА